Наманганлик тўрт спортчи Пара Осиё ўйинларида ғолиб чиқди
Баҳрайн давлатида ёшлар ўртасида бўлиб ўтган VI Пара Осиё ўйинларидан ажойиб хушхабар олдик.
Ушбу нуфузли мусобақада Ватанимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилган Наманган шаҳридаги Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг тўрт нафар тарбияланувчилари чемпионликни қўлга киритиб, юртимизга 4 та олтин медаль билан қайтадиган бўлишди.
Хусусан, пара таэквондо бўйича 58 килограм вазн тоифасида баҳсларга киришган Қудратулло Шоназаров барча рақибларини енгиб, ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Пара пауэрлифтинг бўйича ўз матонатини кўрсатган уч нафар ҳамюртимиз ўз йўналишларида энг кучли эканликларини исботлашди. Эркаклар ўртасидаги 59 кг. вазн тоифасида Оқилжон Якубов 115 кг. тошни бўйсундирган ҳолда фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Аёллар ўртасида 45 кг. вазн тоифасида иштирок этган Дилдорахон Нуриллоева эса 35 кг. тошни кўтариб, кўксини олтин медаль билан тўлдирди.
Нуфузли мусобақанинг 55 кг. вазнга эга бўлган спортчилар орасида беллашган Озода Олимова эса ўз вазнига мос тошни буйсундирди ва у ҳам чемпион сифатида эътироф этилди.
Тўрт кун давом этган Пара Осиё ўйинларида олтин медалларга сазовор бўлган ушбу спортчиларимизнинг юксак ғалабалари шарафига Ўзбекистон байроғи баланд хилпираб, давлатимиз мадҳияси янгради.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ёшлар ўртасидаги Пара Осиё ўйинларини 11 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза, жами 18 та медаль билан якунлади.
© namangan24.uz