Шу йилнинг 4-11 сентябрь кунлари Татаристоннинг Қозон (Россия) шаҳрида илк маротаба ташкилланган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари ўйинларига мезмбонлик қилди.

Бир ҳафта мобайнида кечган, МДҲга аъзо тўққизта давлат (Ўзбекистон, Озарбайжон, Aрманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия Федерацияси ва Тожикистон) халқлари ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасидаги мазкур нуфузли мусобақаларда спортнинг 17 тури бўйича 1 500 нафарга яқин спортчи 182 медаллар жамланмаси учун баҳс олиб борди.

14-23 ёшли иқтидорли спортчилар ўртасида ўтказилган муросасиз беллашувларда Ўзбекистон спорт делегацияси таркибида 166 нафар вакилимиз 15 та спорт тури бўйича ғолиблик учун ўзаро куч синашиб, маҳорат ва тажриба бобида асло қолишмасликларини исботлай олишди. Натижада, 23 та олтин, 32 та кумуш ва 36 та бронза, жами 91 та медални қўлга киритган терма жамоамиз аъзолари умумжамоа ҳисобида мезбон жамоа – россияликлардан сўнг фахрли 2-ўринни эгаллади.

Эътироф этиш жоизки, мазкур мусобақада Наманган вилоятидан 5 нафар спортчи иштирок этиб, улардан тўрт нафари МДҲ ўйинлари ғолиб-совриндорлари сафига кирди.

Ўқ отиш бўйича мамлакатимиз терма жамоаси таркибида қатнашган Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят кенгаши ўқув-спорт техника клуби тарбияланувчиси, Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабаси, 19 ёшли Муҳаммад Камолов биринчи ўринни эгаллиб, олтин медални қўлга киритди.

Белбоғли курашчиларимиздан икки нафар вакилимиз - уйчилик 19 ёшли Моҳигул Иброҳимова 48 кг. вазн тоифасида кумуш медалга, Тўрақўрғон 1-БЎСМ тарбияланувчиси, 20 ёшли Муниса Носирова +76 кг. вазнда бронза медалига сазовор бўлишди.

Муай-тай жангларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган чортоқлик Раҳимжон Болтабоев эса 67 кг. вазнда фахрли учинчи ўринни эгаллаб, бронза медали билан тақдирланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Татаристонда ўтказилган биринчи МДҲ ўйинлари  совриндор ёшларимиз учун қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинлари учун ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтаб берди.

Оқилхон Дадабоев,

“Namangan24.uz” сайти раҳбари.

Янгиликлар

--> -->