“Бизнес Online” ишбилармонлик нашри ўз талқинига кўра, Россиянинг энг катта таъсирга эга бўлган нуфузли мусулмонлари рейтингини эълон қилди.

Рейтингнинг биринчи поғонасида Россия мусулмонлар диний бошқармаси президиуми раиси ва муфтийлар кенгаши раҳбари Равил Гайнутдин эътироф этилди. Татаристоннинг биринчи раҳбари Минтимер Шаймиев иккинчи ўринни эгаллади. Доғистонлик яккакураш жангчиси, “UFC” бўйича жаҳон чемпиони Хабиб Нурмагомедов учинчи ўринга лойиқ кўрилган.

Шунингдек, рейтингнинг “кучли бешталиги”да Татаристоннинг амалдаги президенти Рустам Минниханов ҳамда Чеченистон раҳбари Рамазон Қодиров қайд этилди.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик, Наманганда туғилган миллиардер, “USM Holdings” ширкати асосчиси ва бош акциядори Алишер Усмонов энг катта таъсирга эга мусулмонлар рўйхатининг олтинчи сатрида кўрсатилди.

Эътибориси шундаки, мазкур рейтингдан ҳокимият, бизнес, маданият соҳаларида муҳим ўрин тутувчи дин ва маънавият, жамоат арбоблари, ислом уламолари жой олишган. Номзодлар диний, сиёсий, иқтисодий ва жамият турмушига таъсири бўйича баҳоланган.

Эътироф этиш жоиз, Алишер Усмонов рейтингда ислом дини ривожи учун амалга ошираётган ишлари учун баҳоланган. У Булғор ислом академиясига рекорд миқдорда, яъни 500 миллион рубль ажратгани ва Булғор шаҳрида Оқ масжид қурилишига ҳомийлик қилгани айтилади. Дарвоқе, Алишер Усмонов Тошкентдаги Ислом маданияти марказига 8 миллион доллар миқдорига тенг китоблар тўпламини совға қилган.

© namangan24.uz

--> -->