Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Ғайратжон Тўйчибоев Норин туманидаги ўзи таҳсил олган 40-умумтаълим мактаби кутубхонасига ўз ҳисобидан қарийб 30 номдаги 100 дона китоб ва ўқув қуролларини совға қилди.

Шу йилнинг 19 март куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида китоб мутолаасига қизиқишини ошириш масаласи кенг муҳокама қилинган эди. Шунингдек, йиғилишда Шавкат Мирзиёев ҳар бир раҳбар шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бундай эзгу ташаббус китобхонликни ривожлантиришга хизмат қилиши, фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаганди.

ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши етакчиси Ғайратжон Тўйчибоев мактаб ўқувчилари билан дилдан мулоқотда бўлиб, аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, Президентимизнинг ташаббуслари билан ташкилланаётган бундай эзгу ишлар ёш авлод ўртасида китобхонлик тарғиботини янада кучайтиришга, эртамиз эгаларининг янада чуқур билим олишига, дунёқарашини кенгайтиришга, маънавиятини юксалтиришга катта ҳисса қўшишини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, китоб — инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавий дунёсининг ривожланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб, етуклик сари илдамлайверади. Шу маънода бу туҳфа қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, энг зўр совға сифатида қадрланади. Зеро, маънавиятимиз чашмаси ҳисобланган китоблар халқимиз ҳамда ёшларни эзгулик ва улуғ ишларга чорлашга хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев,

Namangan24.uz сайти раҳбари.

--> -->