Ойликнинг ўрнига картошка берилиши тўғрими?
Баъзи бир корхоналарда ходимларга тўланиши лозим бўлган ойлик иш ҳақи ўрнига картошка, ёғ, ун ёки шунга ўхшаш нарсалар бериш ҳолатлари (натура шаклида тўлаш) учраб туради. Ушбу ҳолат қонунчиликда тартибга солинганми?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 256-моддасида иш ҳақи миллий валютада (сўмда) тўланиши, меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тақиқланиши, бироқ бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳоллар мустасно эканлиги белгиланган.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2023 йил 13 июль кунида имзоланган қарор билан иш ҳақини натура шаклида тўлаш тартиби белгиланди. Унга кўра, иш берувчи ўзи ишлаб чиқарган ёки етиштирган озиқ-овқат ҳамда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини ходимнинг розилиги билан ойлик иш ҳақининг ўрнига ҳисоб-китоб қилиши мумкинлиги белгиланган.
Шунингдек, ўзига хизмат кўрсатилиши ва уй хўжалигини юритишда кўмаклашиш мақсадида уй хизматчиларини ёллаган иш берувчилар уларга хизмат ҳақини озиқ-овқат ва вақтинча яшаш учун уй-жой билан таъминлаш шаклида ҳисоб-китоб қилишлари мумкин. Бироқ бунда маҳсулот иш ҳақи умумий суммасининг 30 фоизидан ошмаслиги ҳамда натура шаклида тўлаш ходим розилиги асосида, у билан тузилган меҳнат шартномасида кўрсатилиши зарур.
Мисол учун, ходим картошка етиштириш билан шуғулланувчи фермер ҳўжалигида ишлайди ва иш ҳақининг умумий суммаси 2 000 000 (икки миллион) сўмни ташкил қилади. Ходимнинг розилиги билан меҳнат шартномасига ўзгартириш киритилиб, иш ҳақининг 20 фоизи яъни 400 000 (тўрт юз минг) сўм миқдоридаги иш ҳақи натура шаклида тўланиши белгиланиши мумкин.
Қуйидаги ҳолатларда иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланиши Қарор билан белгилаб қўйилган:
- ходимнинг ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам суммасидан оз бўлганда (2023 йил 1 июл ҳолатига кўра 980 000 сўм);
- қишлоқ хўжалиги товар ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотларнинг нархини уларнинг таннархидан юқори баҳолаш (ўзи етиштирган ёки ишлаб чиқарган маҳсулотнинг тайёр бўлиш нархидан юқори ҳолда ходимга иш ҳақи ўрнига ҳисоб китоб қилиш);
Шунингдек, алкогол, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, каннабис ўсимлиги ҳамда қонунчиликда релизация қилиш (бериш) тақиқланган ўсимлик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳисоб-китоб қилиш; уй хизматчилари учун тақдим этилаётган озиқ-овқатлар нархини ва уй-жойдан вақтинча фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ҳақиқий бозор нархидан юқори баҳолаш ҳам тақиқланади.
Мираббос Мирзокиров,
Давлатобод тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти.
© namangan24.uz