Халилилло Cобиржонович Тўрахўжаев Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси этиб сайланди.

Олий Мажлис Сенатининг 2024 йил 21 июнда бўлиб ўтган 53-ялпи мажлисида Рақобат қўмитаси раисини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 95-, 109-моддаларига кўра, Ўзбекистон Президентининг тақдимига биноан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Олий Мажлис Сенати томонидан сайланади.

Халилилло Тўрахўжаев 1972 йил 21 январда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани Мамай қишлоғида туғилган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос. 1997 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Биринчи даражали адлия маслаҳатчиси.

Меҳнат фаолиятини 1991 йилда Тошкент шаҳар Ҳамза тумани судининг курьери сифатида бошлаган. 1992-2021 йилларда у суд тизими идораларида масъул вазифаларда, шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси, Президент девонининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати бўйича давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари,  Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбари, Республика Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Кадастр агентлиги директори, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси лавозимларида иш олиб борган.

Халилилло Тўрахўжаев Янги тайинловга қадар, яъни 2021 йил январь ойидан буён Республика Олий суд раисининг фуқаролик ишлари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
2023 йили Президент фармонига асосан "Дўстлик" ордени билан тақдирланган.

© namangan24.uz

--> -->