Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр Наманган вилоятига келди. Вилоят ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров шу муносабат билан 11 сентябрь куни турк элчиси бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, учрашувда меҳмонларга Наманган вилоятининг иқтисодий салоҳияти ва истиқболли ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Ҳозирда Наманган вилоятида 19 та турк сармояли корхонанинг фаолият олиб бораётгани, текстил, қурилиш ва туризм соҳаларида сўнгги йилларда ҳамкорлик салмоғи ортиб бораётгани, бироқ бу борада мавжуд фойдаланилмаган шериклик салоҳиятининг катта экани қайд этилди.

Наманганда фаолият олиб бораётган эркин иқтисодий зоналар ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот олган элчи жаноблари Хайрулло Бозоровга “Сиз ҳоким сифатида яна нималарни ваъда қиласиз?” деб юзланди. Вилоят раҳбари эса: “Турк сармоядорлари Наманганда ўзларини уйларидагидек ҳис қилишлари учун вилоят ҳокимлиги томонидан барча шароитни яратишга тайёрмиз”, дея жавоб қайтарди.

Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр, икки давлат раҳбарлари томонидан белгиланган 5 миллиард долларлик ўзаро савдо ҳажми режасида Наманган вилоятининг улуши энг кўп бўлиши учун ҳар жиҳатдан кўмак беришга, тиббиёт, таълим, инвестициялар ва саноат соҳаларида ҳамкорлик истагида бўлган Туркия компанияларини Наманганга йўналтиришга тайёр эканлигини таъкидлади.

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (ТИКА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори Али Иҳсан Чағлар ўз сўзида Наманган вилоятининг иқтисодий-ижтимоий ҳаётини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ТИКА томонидан кенг қўллаб-қувватланишини билдирди.

Учрашувда Наманган халқаро аэропортига Туркиядан тўғридан тўғри учишларни йўлга қўйиш, Туркиянинг “Зираат” банкининг Наманган филиалини очиш каби масалалар ҳам ўртага ташланди. Шунингдек, икки томон ўртасида футболни ривожлантириш борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ҳам фикр алмашилди.

© namangan24.uz

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати суратларидан фойдаланилди.

--> -->