Бугун, 6 май – Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси, халқ депутатлари вилот Кенгаши депутати, “Миллий тикланиш” партияси фаоли Аҳмаджон Мусохонович Аълохўжаев туғилган кун.

Маълумот ўрнида, Аҳмаджон Аълохўжаев 1970 йил 6 майда Наманган шаҳрида туғилган. 1995 йили Наманган саноат технология институтини тамомлади. Олийгоҳда автомобил транспорти эксплуатацияси ва таъмирлаш бўйича муҳандис-муаллим мутахассислигига эга бўлди. У “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги ўтган 31 йиллик меҳнат фаолияти давомида ҳайдовчиликдан раҳбарликкача бўлган вазифаларни масъулият билан босиб ўтди.

Айниқса, сўнгги 6 йил ичида “Ватанпарвар”чилар Аҳмаджон Мусохонович раҳбарлигида республикага оммалаштиришга лойиқ амалий ишларга қўл урдилар. Спортнинг техник-амалий турлари ривож топди. Ўнлаб Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқди. Биргина Учқўрғон туманидаги амалий ишни олайлик. Замонавий картинг мажмуасига бугун нафақат республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги ҳамюртларимиз, балки қўшни давлатлардаги қардошлар ҳам ҳавас билан қарашади.



Оммавий касб эгалари – ҳайдовчиларни тайёрлаш ва ўқитиш бўйича моддий-техник база замон талабалари асосида мустаҳкамланди. Ташкилот автотураргоҳлари ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашиналар билан файзиёб бўлгани ҳайдовчи бўлиш истагидаги ёшлар сафини ошираётганига ҳам омил десак, бу ҳам айни ҳақиқат. Бир сўз билан айтганда, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги Наманган тажрибаси эътироф этилмоқда. Бунда Аҳмаджон Мусохоновичнинг ҳиссаси беқиёс. Давлат ва жамоат олдидаги фидокорона меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, у “Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллигига 15 йил”, “Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Республикаси   Конституциясига 26 йил” ва “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишонлари билан тақдирланган.

Дарвоқе, Наманган шаҳридан халқ депутатлари вилоят Кенгаши сайланган Аҳмаджон Аълохўжаев халқ ноиби сифатида элимиз дарду ташвишлари билан яшаб, ўз сайлов округи ҳудудидаги маҳаллаларда мавжуд масала ва муаммоларни ижобий ҳал этишга устувор вазифа сифатида қарамоқда. Муҳими, аҳоли муносиб вакилини сайлаб олганлигидан беҳад рози ва хурсанд.

Дуо олган элда азиздир. Зеро, Аҳмаджон ака ҳар куни тонг ишга отланиш арафасида пиру бадавлатлари – 76 ёшли падари бузруквори Мусохон ҳожи ота ва 73 ёшли волидаи муҳтарамаси Маҳмудахон аяларнинг дуоларини олишни асло канда қилган эмас. Аҳмаджон ака бугунги кунгача эришган ютуқларини энг аввало, ота-онасининг таълим-тарбияси маҳсули деб билади.

Дарҳақиқат, Аҳмаджон аканинг она Ватанга садоқатини, меҳру муҳаббатини қуруқ сўзлардагина эмас, балки ўзининг фидокорона, камтарона меҳнатлари натижадор акс эттираётгани ҳам оилавий муҳит, ота-онасидан панду насиҳатларини қунт билан эшитгани ва уққанининг самарасидир.

Дарвоқе, халқимизда “от ўрини той босади” деган эзгу нақл бежиз айтилмаган. Аҳмаджон аканинг ютуғи шундаки, унинг касбини тўнғич фарзанди – айни навқирон ёшдаги Анасхон давом эттирмоқда. У Наманган автомобиль ўқув ишлаб чиқариш комбинатида ўқитувчи сифатида автоҳаваскорларга таълим бермоқда.

Муқаддас Рамазон ойининг шукуҳли дамларида Ватанамиз равнақи, Наманган имижини ошириш йўлида жонбозлик кўрсатаётган Аҳмаджон ака ўзининг қутлуғ 50 ёшини яқинлари даврасида нишонламоқда. Юбилей соҳибини чин қалбдан табриклаб, эзгу ниятлари ушалишини тилаймиз!

Оқилхон Дадабоев,

namangan24.uz сайти раҳбари.

--> -->