Мамлакатимизда 30 июнь – “Ёшлар куни” ёшлар учун ўзига хос қувончли байрам бўлиши асносида эртамиз эгаларини янги, юксак марраларга чорловчи, жонажон Ватанимизга садоқатини кучайтирувчи беқиёс рағбатдир.

“Ёшлар куни” муносабати билан Наманган шаҳридаги “Афсоналар боғи”да фаол ва иқтидорли ёшлар, фан олимпиадалари ғолиблари, спортчилар, ёш ҳарбийлар, тадбиркорлар, фермерлар, турли миллат вакиллари ва таниқли санъаткорлар иштирокида “Ёшлар – Ўзбекистон келажаги” шиори остида катта шоу гала-концерт ташкил этилди.

Тантанали тадбир аввалида вилоят ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров Президентимизнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табригини ўқиб берди.

Қайд этиш жоиз, вилоят раҳбари иштирокида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида Наманган давлат университети талабаси Мирзаозод Мирзанеъматовнинг саволидан келиб чиққан ҳолда Хайрулло Бозоров Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашига автобус совға қилишни ваъда қилган эди. “Ваъда ижроси билан гўзал”, деганларидек бу эзгу иш қисқа фурсат ичида бажарилди. Ҳоким наманганлик ёшларга ўзимизда ишлаб чиқарилган янги автобусни тантанали равишда совға қилди.

Президент қарорига мувофиқ Ватанимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонлар қаторида “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган Наманган вилояти вакиллари – Косонсой туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабининг каратэ бўйича мураббийи Муҳаммадсиддиқ Абдумуталов ва Норин туманидаги “Омадбек бўстони” фермер хўжалиги раҳбари Темурбек Мўминовга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилди.

Бундан ташқари фан-таълим, спорт, маданият, адабиёт, санъат, каби йўналишларда йил давомида салмоқли натижаларга эришган бир қатор иқтидорли ёшлар диплом ва телевизор, планшетлар билан тақдирландилар.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган “Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича энг намунали туман (шаҳар) ҳокими” танловининг мамлакат босқичи ғолиблари сифатида Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ва Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев эътироф этилдилар.

Бу ғолиб ҳокимларимиз Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг рамзий соврини, дипломи билан мукофотландилар.

Маъмуржон Эргашев,

© namangan24.uz

--> -->