Тўрақўрғон тумани Бандликка кўмаклашиш маркази директори аҳоли бандлигини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Коррупция масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Республика Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев бюджет маблағларининг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги ходимлар томонидан талон-торож қилиниши ҳолатларига тўхталиб ўтди.

-Тўрақўрғон туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Э. аҳоли бандлигини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилган. У 3 нафар ходими билан жиноий тил бириктириб, 2019 йилги пахта мавсумида тўрақўрғонлик 327 нафар ишсизлар Тошкент ва Жиззах вилоятларига теримга жалб этилганлиги, уларга жамоат ишлари жамғармасидан мукофот пули берилиши ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, банкка тақдим қилган. Мукофот пули сифатида жами 276,4 миллион сўм нақд пулни олиб, «чўнтакка урган,- деди Ниғматилла Йўлдошев.

Бош прокурор таъкидлашича, Э. пандемия шароитида жамоат тадбирларига жалб қилинган фуқароларга иш ҳақлари жамоат ишлари жамғармасидан тўланиши белгиланганидан фойдаланиб, ушбу маблағларни ҳам ўзлаштириш пайига тушади.

Шу мақсадда дарҳол яқинлари номига олтита сохта фирма ташкил қилиб, ушбу фирмаларга, гўёки, пандемия даврида 179 нафар ишсизлар жамоат ишларига юборилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, 325,5 миллион сўм маблағни талон-торож қилган.

Э. жиноий йўл билан топилган маблағлар ҳисобига 2 та «Ласетти» ва 2 та «Дамас» автомашинасини сотиб олиб, легаллаштирган, - дея қўшимча қилди Йўлдошев.

Айни пайтда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олинган, уларга нисбатан тергов ишлари ўтказилмоқда.

© namangan24.uz

--> -->