Бугун – 2020 йил, 4 март, чоршанба куни халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, журналистлар иштирок этган сессия ишида ташкилий масала кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Зулайҳо Баҳриддиновна Маҳкамова Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди. Шу вақтга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Ғуломжон Собитхўжаевич Муродхўжаев ўз меҳнат фаолиятини Наманган вилояти саноат ва иқтисодиёт бошқармасида давом эттирадиган бўлди.

Сессия ишида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этдилар.

Маълумот ўрнида, Зулайҳо Баҳриддиновна Маҳкамова 1968 йилда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, 1989 йили Наманган давлат педагогика институти ва кейинчалик Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассилиги ўқитувчи-педагог.

У меҳнат фаолиятининг дастлабки йилларида Янгиқўрғондаги умумтаълим мактабларида ўқитувчилик қилган. Шунингдек, меҳнат фаолияти давомида Янгиқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари - туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, Фермер ва деҳқон хўжаликлари уюшмаси Янгиқўрғон тумани вакиллиги, Фермерлар уюшмаси Янгиқўрғон тумани фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш маркази директори, Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари - вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ҳам фаолият юритган.

Зулайҳо Маҳкамова 2018 йилнинг апрель ойидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. У Наманган вилояти ҳокимининг қарорига биноан 2020 йил 4 март кунидан эътиборан Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди. Мазкур қарор туман Кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан маъқулланиб, сессияда тасдиқланди.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланган Зулайҳо Баҳриддиновна Маҳкамовага янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->