Бундан олти йил аввал, яъни 2015 йил 10 март куни Ислом оламида ўз мавқеига эга бўлган, жуда кўп шогирдлар етиштирган, умрини илм олиш ва илм улашишга бағишлаган, ҳар қандай вазиятда мўминлар ғамида яшаган, муслим ва муслималар учун жуда кўп китоблар қолдирган, илм ва фасоҳатли, гўзал хулқли ва ҳикматли устоз Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу фоний дунёни тарк этгандилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 1952 йил 15 апрелда Андижон вилоятида таваллуд топганлар. Шайх ҳазратлари Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасида, сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳадида таҳсил олганлар. Олий маъҳадни битиришлари биланоқ “Совет шарқи мусулмонлари” журналида ишладилар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини чет элга, яъни Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетига ўқишга юборди. Ҳазрат мазкур факультетни 1980 йил имтиёзли тамомлаб, юртга қайтдилар.

Шайх ҳазратлари диний идоранинг 1989 йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинландилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси бўлдилар.

Шайх ҳазратлари Маккаи Мукаррамадаги “Бутун Дунё Ислом Робитаси”нинг таъсис мажлиси, Бутун дунё тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти, Бутун дунё даъват уюшмаси, Бутун дунё Уламолари кенгаши уюшмаси, Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси аъзоси эдилар. Шунингдек, Миср Араб Республикаси, Ливия, Россия каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланганлар.

Қуйида Наманган вилояти Поп туманидаги Чодак қишлоғида жойлашган “Саиджалолхўжа” жомеъ масжиди имом хатиби Муҳаммад Бобур Юсуф ЖалолийМуҳаммадбобур Ғофуровнинг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақидаги хотираларини ҳавола этамиз:

Устозни хотирлаб

Ҳазрат Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ қиз фарзандини жуда яхши кўришларига гувоҳ бўлганман. 2013 йил ёз фаслида Ҳазратни зиёрат қилгани уйларига бордим. Ҳазрат бу сафар анчада кўришдик дедилар. Бу гапга ўзимни йўқотиб қўйдим. Ҳазратга янгиликлар бор дедим. Ҳазрат ҳўш! Қани-қани айтингчи Муҳаммад Бобур жаноблари!

Устоз "Мулла Қирғиз" мадрасасига ўқишга қабул қилиндим. Қиз фарзандли бўлдим. Қизалоққа нима деб исм қўйдик. Оиша! Муборак бўлсин бу Оиша! Умрига, илмига, иффатига, авлодига барака берсин.  Қиз раҳмат! Қиз раҳмат!  Аллоҳ сизни сийлабди. Оҳ оҳ оҳ! 

Ҳазратнинг Оиша хушхабарини эшитганларидаги юзларидаги севинчни кўриб, кўзларим ёшланди.  Учрашув якунида Ҳазрат менга янги ижотдан ўқиб бермайсизми таҳсир дедилар.

Мен Анбиёлар ҳақидаги ёзганларимни ўқиб бердим. Ҳазрат тинглаб, кўзларида ёш билан дуо қилдилар.

Узоқлашиб кетмай,  тез-тез келиб туринг! Волида-ю жаннатингиздан бизга дуо олиб туринг!

© namangan24.uz

--> -->