(Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати олган сурат)

Шу йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлигида мазкур сайловларда халқаро ташкилотлар ва халқаро кузатувчилар билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

Ўзбекистон қўйи парламенти ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайловлар олдидан ташкилланган ушбу тадбирда Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари ҳоким ўринбосарлари, мазкур вилоятлар давлат ва жамоат ташкилотлари, муассасалари, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этдилар.

Семинар аввалида таъкидландики, демократик ислоҳотлар чуқурлашиб бораётган мамлакатимизда сайлов институтининг ҳуқуқий асослари ҳам тобора такомиллашиб, халқаро меъёрларга мослаштириб борилмоқда ва бу бўлиб ўтган сайловлар якунлари бўйича халқаро эксперт ташкилотларнинг ҳисоботларида ҳам эътироф этилмоқда.

Бу йилги сайловларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган 57 давлатдан 250 нафарга яқин қисқа муддатли, 30 нафар узоқ муддатли, шунингдек, бошқа давлат ва халқаро ташкилотлардан 300 га яқин, жами 600 нафардан зиёд кузатувчи иштирок этиши кутилмоқда. Ушбу семинар сайлов комиссиялари, ишчи гуруҳлари аъзолари, масалага дахлдор мутасаддиларнинг сайловлар бўйича миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқий меъёрлар юзасидан билим ва тажрибаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Семинарда Марказий сайлов комиссияси котибияти халқаро бўлими бошлиғи Б. Исмоиловнинг миллий сайлов қонунчилигининг такомиллашуви самараси – Сайлов кодекси, парламентга сайловларда халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлардан кузатувчиларнинг иштирокини таъминлаш тартиби;

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти экспертлари – Молдова давлат университети профессори Ю. Чоканнинг сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишнинг, сайлов жараёнларида кузатувчилар фаолиятининг халқаро андозалари, сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишда маҳаллий ҳокимиятнинг роли ва ўрни;  

Молдова Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси В. Филиповнинг Ўзбекистонда сайловларда халқаро меъёрларга риоя этилиши юзасидан Европада хавфсизлик ва хамкорлик ташкилоти миссиясининг хулосалари каби мавзулардаги маърузалари тингланди.

(ЎзА фото-мухбири Ҳотам Мамадалиев олган сурат)

– Бўлажак сайловлар аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилиши кутилмоқда. Халқимизнинг сиёсий онги ва маданияти жамиятда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларга мос ўсиб бораётгани, очиқлик ва ошкоралик таъминланаётгани бунга асос бўлиб хизмат қилади, - дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши депутатлик гуруҳи ижрочи котиби Бекзод Жўраев. – Шу нуқтаи назардан мазкур семинарни ўтказилганлиги айни муддао бўлди. Боиси, халқаро ташкилотлар ва кузатувчилар иштироки сайловларни демократик тамойилларга амалга қилган ҳолда ўтказишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Олдимизда турган муҳим сиёсий кампания жараёнларида халқаро ташкилотлар вакиллари ва кузатувчилар билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш партиямиз фаолларидан катта масъулият талаб этади.

Семинар давомида иштирокчиларнинг сайловнинг халқаро меъёрий-ҳуқуқий асослари, сайловларда халқаро кузатувчиларнинг роли, уларнинг фаолияти қоидалари, сайловларни баҳолаш андозалари юзасидан саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Акрамжон Сатторов,

журналист.

© namangan24.uz

 

--> -->