Ўзбекистон Республикаси Президентлигига собиқ номзод Абдулҳафиз Жалолов 72 ёшида вафот этди.

Бу ҳақида Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, журналист Азизбек Абдувалиев Фейсбукдаги саҳифасида хабар берди.

(Фото - Жалоловлар оиласи архиви)

Абдулҳафиз Жалолов 1947 йилда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани Бирлашган қишлоғида туғилган. 1969 йили Тошкент давлат университетини тамомлаган эди. 1976 йилда фалсафа фани бўйича номзодлик, 1992 йили докторлик диссертацияларини ёқлаганди.

Фалсафа ва сиёсатшунослик бўйича 450 дан ортиқ иш, жумладан, “Инсон омили: фалсафа, мафкура, сиёсат”, “Ўзбекистон: мустақиллик, манънавият, мафкура”, “Мустақиллик масъулияти”, “Истиқбол уфқлари” каби монографиялар муалифи бўлган. Илмий ишлари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатларда чоп этилган.

1971 йилдан эътиборан илмий-педагогик фаолият билан шуғулланган. ТошДУ фалсафа кафедраси ўқитувчилигидан Фалсафа ва ҳуқуқ институти директорлигигача (1993 йил) бўлган йўлни босиб ўтган. 1994 йилда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши биринчи котиби этиб сайланган.

2000 йил январида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ислом Каримовга ягона муқобил рақиб бўлганди. Жалолов мазкур сайлов пайти амалдаги давлат раҳбари учун овоз берганини билдирганди.

2001 йилда Фалсафа ва ҳуқуқ институти директорлиги, 2003 йилда ЎзХДП Марказий кенгаши биринчи котиблигидан озод этилади. Шундан кейин у Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамда Олий педагогика институти профессори лавозимларида ишлайди.

Абдулҳафиз Жалолов 2019 йил 29 июль куни Янгиқўрғон туманидаги ўзи туғилиб-ўсган қишлоғида дафн этилди.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қилади.

© namangan24.uz

--> -->