Наманган шаҳридаги “Уч фаввора” хиёбонида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “БИРМИЗ! ҚЎЛНИ ҚЎЛГА БЕРАМИЗ!” шиори остидаги сайловолди тарғибот намойиши бўлиб ўтади.

Митингда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров, республикамиздаги таниқли эстрада юлдузлари, парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этадилар!

Маълумки, шу йилнинг 22 декабрь куни мамлакатимизда вакиллк Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Сайловлар демократиянинг энг муҳим бўлагидир. Сайловларда халқ сиёсий ҳуқуқи, яъни овоз бериш йўли орқали ҳукуматнинг асосий таркибий қисми шакллантирилади. Сайланган ҳукумат аъзолари маълум ваколатларга эга бўлади. Айни шу боисдан ҳам Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллик органларига бўладиган муҳим ижтимоий-сиёсий кампанияда муносиб иштирок этиш ва ўз олдига қўйган мақсадларга эришишга зўр бермоқда.

Митингда таъкидланганидек, инсон ўзини англамоғи учун, аввало, руҳан уйғонмоғи шарт. Бинобарин, жамият ҳам. Биз кечаги лоқайдлигимиз, бепарволигимизни, энди ҳаётга бундай мудроқ муносабатда бўлиш хато эканини англаб етишимиз зарур.

Ҳаётимизнинг барча жабҳасида янгича ёндашув ва талабларни жорий этиш, аҳоли ўртасида ташаббускорлик, халқ тақдирига дахлдорлик ва ўз келажагига масъулият ҳиссини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу жиҳатдан қараганда, бугунги ўзгаришларга четдан кузатувчи сифатида қараб туришга, бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Партия “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” эзгу ғоясини амалга ошириш учун энг аввало, тарихий анъана, қадрият ва урф-одатлар, узоқ минг йиллик бой ўтмишимизни асраб- авайлаган ҳолда келажакка интилиш, барча соҳада самарали амалий ислоҳотларни ўтказиш тарафдори.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз сайловолди Платформасида инсони ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш йўлида бир қатор амалий ташаббусларни илгари сурмоқда.

Партия “Парламентни “халқ уйи”га, депутатларни халқимизнинг фидойи хизматчисига айлантириш”ни амалда таъминлашни асосий вазифаларидан бири, деб билади. Чунончи, парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларини, энг аввало, ўз сайловчилари билан доимий ва узлуксиз алоқасини йўлга қўйиш чоралари кўрилади.

Ўқитувчи ва устозлар мақомини ошириш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида улар учун қулай, ортиқча қоғозбозлик ва расмиятчиликдан ҳоли меҳнат шароитлари яратилади.

Партия мамлакатимизда узлуксиз тарбия тизими яратилмаганига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мазкур йўналишда концепция яратиш, узлуксиз таълим билан бир қаторда узлуксиз тарбия тизимини шакллантириш ҳамда узлуксиз таълим ва тарбия уйғунлигини таъминлаш таклифларини илгари сурилмоқда.

- Партиямиз дастурида тилимизни ривожлантириш масаласи энг устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Тилимиз масаласида ҳали жамиятнинг зиёли қатлами қиладиган ишлар жуда кўп. Зеро, бежиз бу кун байрам сифатида нишонланадиган кунга айлантирилмади. Узоққа бормай, ён-атрофимиз, кўча-кўйга бир назар солайлик. Шунда адабий тил меъёр-қоидаларига қай даражада риоя қилаётганимиз яққол намоён бўлади. Кўча-кўйдаги эълон ёхуд афишалардаги ғиж-ғиж хатолар ҳақида ёзавериб, айтавериб чарчадик. Яна бир гап. Амалдаги қонунда пештахталарга аввал ўзбек, кейин заруратга қараб бошқа тилда ёзилиши белгиланган. Ана шундан келиб чиқиб ЎзМТДП сайловолди Дастурида “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш, унинг ижросини таъминлаш масъулиятини ўз зиммамизга олдик, - дейди партия раҳбари Алишер Қодиров.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Миллий тикланиш” партияси томонидан хорижда яшаётган ҳамюртларимиз билан доимий алоқани йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатлаш, хорижда ўқиётган Ўзбекистон ёшлари билан узвий ва яқин алоқани таъминлаш бўйича тизимли ва доимий чоралар амалга оширилади.

Сайловолди тарғибот намойишида айни шу жиҳатлар ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумотлар бериб ўтилди. “Миллий тикланиш” ғояларига хайрихоҳ бир қатор юртдошларимизга партиянинг аъзолик гувоҳномалари тантанали тарзда топширилди.

Митинг иштирокчилари байрамона концерт дастурида пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли эстрада хонандалари ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлдилар.

 Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси

Наманган вилояти Кенгаши ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->