Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 4 мартдаги қарорига биноан ўзининг иқтидори ва ибратли фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, турли соҳа ва тармоқларда қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқараётган, ижтимоий ҳаётда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатаётган 28 нафар фаол қиз муносиб рағбатлантирилиб, Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Юксак мукофотга сазовор бўлганлар орасида Наманган вилоятидан икки нафар вакила – Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 4-босқич талабаси Дилафрўз Аламхон қизи Азимова ҳамда Косонсой туманидаги 9-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Олимахон Икромжон қизи Тожибоева ҳам борлиги қувонарлидир.

Наманган шаҳрида туғилиб камолга етган Дилафрўз Азимова “Баркамол авлод” спорт мажмуаси ва Чуст туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида стол тенниси билан шуғулланиб, бир неча карра Ўзбекистон чемпионлиги ҳамда халқаро турнирлар ғолиблигини қўлга киритган. Спорт устаси.

Косонсойлик дуторчи қиз Олимахон Тожибоеванинг ўзига хос ижроси ва ширали овози кўплаб санъат ихлосмандларини ром этган. У ўтган йили ўтказилган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловининг Наманган вилояти босқичида қатнашиб, “Энг жозибали овоз” номинацияси бўйича ғолиб чиққан.
Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган наманганлик қизларни, уларга таълим-тарбия берган ота-оналари, устоз-муаллимлари ва мураббийларини чин қалбдан қизғин муборакбод этамиз. юксак мукофот соҳибаларини вилоятимиз аҳли номидан табриклаймиз.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->