Мамлакатимиз Ички ишлар тизими органларида Она Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилган чинакам фидойилар бор эканлиги Наманган вилоятида бугун эрта тонгда юз берган кутилмаган ҳодиса туфайли яна бир карра ўз ифодасини топди.

2021 йил 25 июль куни эрталаб соат 08:00-08:15 лар чамасида одамлар “Шимолий Фарғона” каналининг Янги Наманган тумани ҳудудидан ўтган қисмида бир аёл киши оқиб келаётганини кўриб қолишади. Шу атрофда хизмат вазифасини олиб бораётган вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шавкат Содиқов ҳеч иккиланмасдан ўзини сувга отиб, аёлни вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари билан биргаликда қирғоққа олиб чиқади.

Аниқланишича, у Янги Наманган туманида яшовчи, 2005 йилдан буён руҳий касаллик билан оғриб, даволаниб келаётган аёл бўлиб, тушкунлик оқибатида жонига суиқасд қилиш мақсадида каналнинг Ғунча маҳалласидан оқиб ўтаётган қисмидан ўзини сувга ташлаган. Аёлга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда унинг саломатлиги яхши аҳволда.

- Эрталаб ишга кетаётсам, ўт ўчириш қисми олдида, канал кўприги яқинида тумонат одам тўпланиб турибди. Йўл ҳодисаси бўлдимикан, дея ўйлаб уларга яқинлашдим. Қарасам, каналда бир аёл оқиб кетяпти. Ҳеч нарсани ўйламасдан ўзимни сувга отиб, чўкаётган кишини олиб чиқдим, - дейди Шавкат Содиқов.

Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов адаши - вилоят ИИБ  ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган подполковник Шавкат Содиқовни кўрсатган жасоратини эътироф этиб, муносиб тақдирлади.

- Сиздек мард ўғлонлар кўпайсин. Раҳбар бўлиб, ўзингиз шахсий намуна кўрсатибсиз, - деди вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов.

Кун қаҳрамони Шавкат Содиқовга ўз касбига бўлган садоқати, жасорати ва инсонпарварлиги учун подполковник қимматбаҳо совға тақдим этилди.

© namangan24.uz

--> -->