Республика Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасида эрта туғруқ ва исталмаган ҳомиладорлик, эрта турмушга узатишнинг салбий оқибатларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда аҳоли саломатлигини яхшилаш, оналар ва болалар соғлиғига эътибор бериш, туғруқ ёшидаги аёлларни зарур дори-дармон билан таъминлаш, аёл-қизларни ўз вақтида сифатли тиббий кўрикдан ўтказиш масаласи муҳокама этилди. Турли нуқсонли ҳомилаларнинг олдини олиш мақсадида никоҳланаётган ёшларни генетик текширув ва онко-скринингдан бепул ўтказиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва ногирон болалар туғилиши ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда. Оилада вояга етаётган қизларга жинсий тарбия берилмаслигининг оқибатида эрта туғруқ ҳолатлари қайд этилган.

Оилада аёл ва ҳомиладорга бўлган муносабат нотўғри шакллантирилган. Ҳомиладор аёлнинг оила аъзолари томонидан ўз вақтида уни скринингдан ўтказиш, асоратларга вақтида эътибор қаратиш масаласига жиддий ёндашилмаяпти. Натижада нуқсонли ҳомиладорлик кеч аниқланяпти, туғма ногиронлик рақамларда барқарор кўрсаткични сақлаб келмоқда. 

Жойлардаги марказлаштирилган поликлиникаларда ҳомиладорларнинг электрон базасини шакллантириш, оилавий врачлар томонидан ўз ҳудудидаги ҳомиладор аёллардан мунтазам хабар олиш, перинатал ёшдаги хотин-қизларга ўз саломатлигига бефарқ қарамаслик, вақтида шифокор кўригидан ўтиб туриши лозимлигини тушунтириш, бу ишларнинг ягона назорат тизимини яратиш кераклиги таклифи билдирилди. 

Йиғилишда аксар ҳудудлар қатори оналар ўлими ва эрта туғруқ энг кўп қайд этилган Наманган вилоятининг тегишли мутасаддиларига ҳар бир оила билан алоҳида тартибда иш олиб бориш, ўрта умумтаълим мактабларининг ўқувчилари, олий ўқув юртларида ўқийдиган талабалари билан оила, никоҳ, оналик, фарзанд тарбияси, оила гигиенаси, оилавий шифокор билан ҳамкорлик масалаларида махсус семинарлар, керак бўлса ўқув курслари ташкил этиш топшириғи берилди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.

 

--> -->