Шу йилнинг 9 сентябрь куни соат тахминан 04:30 ларда Наманган тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексига қарашли бинонинг орқа ховлисидан 23  ёшли фуқаро Д. Х. Ва 22 ёшли фуқаро М. Т.ларнинг 2019 йил 2 сентябрда туғилган қиз чақалоқлари тирик ҳолда топилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бироқ, шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан чақалоқлар вафот этишган.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, 2019 йил 9 сентябрь соат тахминан 03:30 ларда фуқаро Д.Х. янги туғилган фарзандини олдига кириб, уни оёқлари нотекис (нуқсонли) эканидан аччиқланиб, ундан қутилиш учун ўз чақалоғи билан бирга, келгусида содир этаётган қилмиши фош бўлиб қолишининг олдини олиш мақсадида шу хонада ётган М.Т.нинг қиз чақалоғини ҳам олиб, дераза ойнасидан, яъни туғруқ комплексининг 2-қаватидан пастга улоқтириб юборган. Оқибатда норасида гўдаклар оғир тан жароҳатлари олишган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Наманган тумани прокуратураси томонидан фуқаро Д. Х. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари ва туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси масъул шахсларига нисбатан 116-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жирканч ва мудҳиш жиноятга қўл урган Д.Х. процессуал тартибда ушланган. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 © namangan24.uz

--> -->