Наманган вилоятида эр-хотин ва уларнинг икки нафар фарзанди ис газидан заҳарланиши оқибатида вафот этди.

"Дарё" сайтининг Бош прокуратурага таяниб, хабар беришича мазкур ҳодиса 2023 йил 16 декабрга ўтар кечаси Наманган шаҳрининг "Дўстлик" даҳаси - Янги Наманган туманининг “Беруний” маҳалласида жойлашган 17-кўпқаватли уйдаги хонадонлардан бирида юз берган.


1975 ва 1982 йилларда туғилган эр-хотин ҳамда уларнинг 2004 ва 2009 йилларда туғилган икки нафар қизи хонадон ошхонасидаги газ плита орқали резина шланг уланган печкадан табиий газ иси чиқиши оқибатида заҳарланиб, вафот этган.

Дастлабки маълумотда ушбу оила аъзоларининг ўлими ис газидан организмнинг умумий заҳарланиши оқибатида юзага келганлиги кўрсатилган.

Ҳалок бўлганларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий ва бошқа турдаги тегишли экспертизалар тайинланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур кўпқаватли уйда яшовчилардан бири фуқаро М. М. шундай матнда куюниб изоҳ қолдирган:

"Кўп қаватли уйларда бир неча йилдан буён иссиқлик тизими ишламайди. Натижада хонадонлар табиий газдан фойдаланишади. Ҳудуддаги 17-кўп қаватли уйда жуда оғир ва қайғули воқеа юз берди. Бир хонадондан тўрт киши — эр, хотин ва икки қиз ис газидан заҳарланиб вафот этди. Дафн маросимида сулоланинг яна бир вакили мусибатга юраги бардош бермай қазо қилибди. Афсус ва надомат билан бош чайқалмоқдаки, иситиш тизими ишлаб турганда бу ҳол содир бўлмасмиди?!..."

© namangan24.uz

--> -->