Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан жами 93 минг 934 та иш кўриб тамомланган.

Жумладан, никоҳдан ажратиш билан боғлиқ жами кўрилган 4 минг 640 та  фуқаролик ишининг 4 минг 583 таси бўйича туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги яраштириш комиссияларининг хулосалари олинган.

Суд қарорларига асосан никоҳдан ажратилган оилалар сони 2022 йили 2 минг 666 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан вилоятда суд орқали никоҳдан ажратиш ҳолатлари 576 тага кўпайган. Ажримлар ошишига эса асосан Наманган шаҳри (650 та), Чуст (259 та), Чортоқ (221 та), Поп (217 та) ва Уйчи (196 та) туманларида йўл қўйилган.

Ажримлар таҳлили шуни кўрсатадики, асосан ёш оилаларни бузилишига айрим ҳолларда қайноналарнинг сабабчи бўлаётганлиги ачинарли ҳолатдир. Жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари яраштирув комиссиялари кўпинча ажралиш сабабларини чуқур ўрганмасдан туриб, эр-хотинни яраштиришни имкони йўқ, деган мазмундаги маълумотномаларни судга тақдим этиш билан чекланмоқда. Қонунсиз (шаръий) никоҳларнинг олдини олишда ҳам етарлича иш олиб борилмаётир.

Шунга қарамасдан, ўтган давр мобайнида суд идоралари томонидан кўрилган ишлар ҳамда судьялар томонидан жойларда ҳамкорликда олиб борилган ҳаракатлар натижасида 300дан зиёд оилаларни яраштиришга эришилган.

© namangan24.uz

--> -->