Шу йилнинг 26 апрель куни соат 15:45ларда Наманган шаҳридан ўтувчи 4Р 112 “Фарғона халқа йўли” автомобиль йўлининг 78-километрида юз берган автоҳалокат бир пиёданинг ўлими билан якун топди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидаги манба хабар берди.

60 ёшни қоралаган Н.Ғ. исмли ҳайдовчи “Isuzu” русумли юк транспорт воситасини бошқариб кетаётиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Бунинг оқибатида пиёда - 2000 йилда таваллуд топган А. Ш. исмли қиз оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Айни кунларда мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Namangan24.uz” сайти марҳуманинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Йўлларда ҳаракатланаётган ҳайдовчилардан тезликни оширмаслик, йўл қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраб қоламиз.

© namangan24.uz

--> -->