2020 йилнинг 8 сентябрь куни Наманган журналистикаси оғир жудоликка учради. Шафқатсиз ўлим бутун умрини матбуотга бағишлаган, миллий журналистика ривожига салмоқли ҳисса қўшган таниқли ижодкор, камтар ва фидойи инсон, меҳрибон Устоз Одилжон ҳожи Исматуллаевни 63 ёшида орамиздан олиб кетди. Пандемия давом этаётган бошимиздаги оғир синовли кунларда - бугун, 2020 йил 9 сентябрь санасида вилоят ижодкорлари улкан чинорини сўнгги абадият манзилига кузатдилар. Устозимиз Наманган шаҳридаги "Ҳазрат Мавлоно" қабристонига дафн этилди.

Одилжон Фатҳиддинович Исматуллаев 1958 йил 2 май куни Наманган шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топди. Наманган шаҳридаги 8 ва 5-мактабларда ўқиган Устозимиз таҳсилни кейинчалик педагогика дорилфинунида давом эттирди. Раҳматли Фатҳиддин ота ва Ҳурматхон аядан чуқур тарбия кўрган Одилжон ака болалигидан журналистикага меҳр қўйди. 17 ёшида, яъни 1975 йилда вилоятнинг отахон нашри – “Наманган ҳақиқати” газетаси таҳририяти ўз бағрини очади. Ушбу қадрдон даргоҳда узоқ йиллар фаолият юритган Устозимиз даставвал қараб турувчи, кейинчалик мусаҳҳиҳ, мухбир, саҳифаловчи, масъул котиб ўринбосари ва масъул котиб вазифаларида садоқат билан меҳнат қилди.

Одилжон Исматуллаев “Наманган ҳақиқати”да узоқ йил фаолият юритиш билан бирга вилоятимизда “Тадбиркор”, “Наманган футболи”, “Аср футболи” газеталарини ташкил этишда ташаббус ва ғайрат кўрсатди. Иброҳимжон Раҳмонов, Насимжон Юнусов, Акрамжон Холмирзаев, Абдураҳим Абдураҳмонов, Шавкат Содиқов, Улуғбек Умаров, Оқилхон Дадабоев, Анваржон Икромов, Муҳаммаджон Исматлуллаев, Иброҳим Юсупов каби ўнлаб шогирдларни тарбиялаб, катта ҳаёт сари йўллаган бағрикенг Устоз Одилжон Исматуллаевнинг порлоқ хотираси ҳамкасблари қалбида мангу яшайди.

Устоз нафақа чиққанидан кейин ҳам ижоддан, инсонларга улму-маърифат улашишдан бир зум тўхтамадилар. Фейсбук ва Телеграм тармоқларида “Fotih.uz” канали орқали маънавий-маърифий, диний, ахлоқий-тарбиявий масалаларга оид фойдали маълумотлар билан кўпчиликни баҳраманд этиб келаётган эдилар.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Устозимизнинг жойлари жаннатда, охиратлари обод бўлсин. Аллоҳ раҳмати ила мукофотласин. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуън.

© namangan24.uz

--> -->