Баҳодир Турсунович Юсупов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги  Халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинланди.

У мазкур лавозимга Президент Администрацияси раҳбарининг 2021 йил 18 декабрдаги фармойиши билан тасдиқланган. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.

Баҳодир Юсупов 1961 йил 16 август куни Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида таваллуд топган. Маълумоти олий, 1982 йили Тошкент политехника институтини, 1997 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Қарийб қирқ йиллик иш тажрибасига эга бўлган Баҳодир Юсупов халқ хўжалигининг турли тармоқларида самарали меҳнат қилган. Шу жумладан, у 2004-2009 йилларда Чуст тумани ҳокими, 2010-2015 йилларда Наманган вилояти ҳокими, 2016-2017 йилларда Косонсой тумани ҳокими, 2017-2018 йилларда Республика фермерлар Кенгаши раиси, 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимларида фаолият юритган.

2019 йил февраль ойидан буён ҳозирга қадар Косонсой тумани ҳокими сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2020 йил 14 январ куни халқ депутатлари Косонсой тумани кенгаши томонидан туман ҳокими сифатида қайта тасдиқланди.

Баҳодир Юсупов халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатлари учун Президент фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган.

© namangan24.uz

--> -->