2023 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Наманган вилоятида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Абдулҳай домла Турсунов ўз аризасига биноан вилоят бош имом-хатиби вазифасидан озод этилиб, “Фахрий имом” мақоми берилди.

Наманган вилояти бош имом-хатиби лавозимига Наманган шаҳрининг бош имоми ва “Юсуфхон ўғли Қосимхон” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида меҳнат қилаётган Мусохон қори Аббосиддинов тайинланди.

Маълумот ўрнида, Мусохон қори Аббосиддинов 1974 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Вилоят “Ҳидоя” мадрасаси, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таҳсил олган. Қуръони каримни тўла ёд олиб, Ҳофизи Қуръон даражасига етган. Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бир муддат фаолият юритган.

2017 йил июнида – Рамазон ойида Украина мусулмонлари идораси таклифига кўра, Киев шаҳрининг марказий масжидида таровиҳ намозлари ва хатми Қуръон адо этиб, украин мусулмонининг эътирофига сазовор бўлган.

Мусохон қори Аббосиддинов янги тайинловга қадар, яъни 2010 йилдан буён Наманган шаҳар бош имом-хатиби вазифасида меҳнат қилаётган эди.


Йиғилишда ҳозиргача вилоятимизга бош имомлик қилиб келган Абдулҳай домланинг масжидларни обод этиш, имом-домлаларнинг фаолиятини такомиллаштириш ва мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжларини қондириш йўлидаги меҳнатлари муносиб эътироф этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари тараққиётимизнинг янги даврида диний соҳада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ўз навбатида имом-хатиблик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, бугунги кун имоми замонга зийраклик билан қараши, ўзининг устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжларини қондириш учун тинимсиз хизмат қилишлари зарурлигига алоҳида урғу қаратди. Қолаверса, ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратиш, илм-маърифат эгаллашларига шарт-шароитлар яратиш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратишини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов иштирок этди ва сўзга чиқди.

© namangan24.uz

--> -->