Наманган вилояти маҳалла ва оила бошқармасига раҳбар тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Наманган вилояти бошқармасига раҳбарлар тайинланди.
Бугун вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган ташкилий йиғилишда Мусохон Пўлатович Оппоқов Наманган вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У ҳозирга қадар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Наманган вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди, дейилади ҳокимлик телеграм каналида.
Дарвоқе, Мусохон Пўлатович Оппоқов узоқ йиллар ҳуқуқуни муҳофаза қилиш органларида иш олиб борган. Хусусан, Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Чуст тумани ИИБ бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида ишлаган Ирода Содиқовна Қўчқорова мазкур тайинлов доирасида янги бошқарма бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари сифатида таништирилди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғининг хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш; Кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосарлари ҳам тайинланди.
Ташкилий йиғилишда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди ва сўзга чиқди.
© namangan24.uz