Наманган вилояти ҳокимлиги вилоят аҳлига мурожаат қилиб, мамлакатимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш борасида йўлга қўйилган карантин даврида синовли кунлардан аҳиллик билан ўта олиш мумкинлигини қайд этиб, аҳолини бирдамликка чақиради:

“Азиз наманганликлар!

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган чора-тадбирларга қатъий амал қилиш қай даражада самарали бўлишини қайта тинчлик ва хотиржамликка қовушаётган бугунги Хитой мисолида кўришимиз мумкин. Коронавирус синовидан фақатгина бирдамлик, аҳиллик ва оқиллик билангина ўта оламиз.

Аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида вилоятимиз туманларидан Наманган шаҳрига фақат коронавирус профилактикаси даврида ишлашга давом этаётган фуқароларгина келиб-кетишлари, қолган юртдошларимиз зарур бўлмаган ҳолларда уйларидан ташқарига чиқмасликлари ва зарурат билан кўчага чиққанда – шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлишлари қатъий тавсия этилади.

Дўстларингиз ва яқинларингизга ёмонликни раво кўрманг. Уйда қолинг!

Аҳоли саломатлигини сақлаш ва мамлакат бўйлаб касаллик тарқалишининг олдини олиш йўлида Ҳукуматимиз томонидан қўйилаётган талабларга тўла амал қилайлик!"

Наманган вилояти ҳокимлиги.

© namangan24.uz

--> -->