Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳларининг 2019 йилнинг биринчи чоракдаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Жорий йилда партия ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар, жумладан, декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш, партия гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш, бошланғич партия ташкилотлари ишини жонлантириш борасидаги ишлар муҳокама қилинди, фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар билдирилди.

Пленумда партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова иштирок этди ва сўзга чиқди.

Нотиқ ўз сўзида партия вилоят кенгашининг туризм ва маданий мерос объектларини ўрганиш, бу борада партия гуруҳлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб, йўл қўйилган камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятларга эътибор қаратди. Партиянинг тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда “Аёллар қаноти”, мафкуравий ишлар талаб даражасида эмаслиги, бундан тегишли хулоса чиқариш зарурлигини таъкидлади. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан партия масъул ходимлари ва депутатларга аниқ вазифалар юклатилди.

Мажлисда ташкилий масала кўриб чиқилди. Кенгаш аъзолари томонидан ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши раислигига шу кунгача партия вилоят кенгаши девони раҳбари лавозимида фаолият юритиб келаётган Ғайратжон Ғофуржонович Тўйчибоев номзоди илгари сурилди ва у бир овоздан маъқулланди.

Маълумот ўрнида, Ғайратжон Ғофуржонович Тўйчибоев 1984 йил 15 январда Наманган вилоятининг Норин туманида туғилган. 2005 йили Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган, мутахассислиги бухгалтер-аудитчи. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси. Оилали, 3 нафар фарзанднинг отаси.

Ғайратжон Ғофуржонович Тўйчибоев меҳнат фаолиятини 2005 йилда Норин туманидаги Ҳаққулобод савдо ишлаб чиқариш масъулияти чекланган жамиятида бош ҳисобчиликдан бошлаган. У иш фаолияти давомида собиқ “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Наманган вилояти кенгашида масъул вазифаларда фаолият юритган. 2014 йилдан буён Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши девони раҳбари, 2018 йил 9 мартдан буён асосий ишидан ажралмаган ҳолда раис вазифасини вақтинча бажариб келаётган эди. Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ЎзМТДП Наманган вилояти кенгашига Одилжон Тоирович Мамадалиев раислик қилган эди.

“Namangan24.uz” сайти Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши этиб сайланган Ғайратжон Ғофуржонович Тўйчибоевга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->