Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг ўринбосари Музаффар Эминович Эгамбердиев шу йилнинг 24-25 апрель кунлари Наманган вилоятида сайёр қабул ўтказди.

Бу ҳақида “namangan24.uz” сайтига Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси хабар берди.

Мажбурий ижро бюросининг Косонсой тумани бўлими биносида Наманган шаҳри, Поп, Чуст, Мингбулоқ, Тўрақўрғон ва Косонсой туманлари аҳолиси учун ташкил этилган учрашувда суд ва бошқа органлари ҳужжатлари ижроси, алимент билан боғлиқ 8 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Ҳар бир кўтарилган муаммолар, мурожаатлари тингланиб, уларнинг ечими юзасидан тегишли топшириқлар берилди, ижроси қатъий назоратга олинди. Масалан, Наманган шаҳрининг Марғилон маҳалласи фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Одилжон Мўминовнинг суд ҳужжатлари ижроси билан боғлиқ муаммоси юзасидан йўллаган мурожаатига шу ернинг ўзида ижобий ечим топилди.

Мажбурий ижро бюросининг Уйчи тумани бўлими биносида Чортоқ, Янгиқўрғон, Учқўрғон, Уйчи, Наманган ва Норин туманлари аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди. Бюронинг вилоят бошқармаси раҳбарияти ҳам иштирок этган учрашувда аҳолининг электр, табиий газ таъминотидаги муаммолари, алимент ундируви билан боғлиқ 10 дан ортиқ мурожаатлар тингланди.

- Мен Уйчи туманининг Боғкўча маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшайман, - дейди меҳнат фахрийси Ҳамидулла Абдуллаев. - Бугунги сайёр қабулда бир гуруҳ маҳалладошларимиз билан бирга табиий газ таъминотидаги муаммолар бўйича мурожаат йўлладик. Қувонарлиси, учрашувда мурожаатимиз бўйича аниқ ечим олдик.

Умуман икки кун давом этган сайёр қабул давомида ҳар бир мурожаат бўйича аниқ вазифалар, унинг ечимлари бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

© namangan24.uz

--> -->