Бугун - 2020 йил, 15 март, якшанба куни, эрта тонг соат 06:00 да Республика Вирусология институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида "COVID-19" коронавирус инфекцияси аниқланди.

Вазиятни назорат қилиш, коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида шошилинч йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишдан сўнг ўтказилган брифингда журналистларга маълум қилинишича, коронавирус сабабли Ўзбекистонда барча таълим муассалари уч ҳафта муддатга карантинга олинади.

Олий ўқув юртлари талабалари, коллеж, лицей ва мактаб ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари (болалар боғчаси) тарбияланувчиларига 16 март, душанба кунидан таътил берилади.

Наврўз умумхалқ сайллари ўтказилмайди. Шунингдек, оммавий маросимлар, жумладан, улоқ-кўпкари, кураш ва бошқа одамлар кўп тўпланадиган тадбирлар вақтинча бекор қилинади.

16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилади.

Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши тақиқланади. Чет давлатлардаги Ўзбекистонликларнинг қайтишига шарт-шароит яратади.

Тошкентдан вилоятларга қайтадиган талабаларга темир йўллари ва самолётларда 50% чегирма берилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, 14 март куни, яъни 1 суткада дунё бўйича 10 минг 900 вирусга чалиниш ҳолати рўйхатга олинган.

Касалликнинг 1 суткада ўсиши энг кўп қайд этилган давлатлар рўйхатида Италия (3500), Эрон (1200), Испания (1150), Германия (910), Англия (350) турибди.

15 март ҳолатига кўра, бутун дунёда 120дан ортиқ мамлакатда жами 157 197 кишида коронавирус аниқланган, ҳозиргача уларнинг 75 940 нафари соғайиб кетган, 5839 киши вафот этган.

Вирусдан энг кўп жабрланган давлатлар Хитой (80844 ҳолат, 3199 ўлим), Италия (21157 ҳолат, 1441 ўлим), Эрон (12729 ҳолат, 611 ўлим), Жанубий Корея (8162 ҳолат, 75 ўлим), Испания (6391 ҳолат, 196 ўлим), Германия (4599 ҳолат, 9 ўлим), Франция (4469 ҳолат, 91 ўлим), АҚШ (2982 ҳолат, 60 ўлим), Швейцария (1375 ҳолат, 13 ўлим), Буюк Британия (1140 ҳолат, 21 ўлим) ва Норвегия (1109 ҳолат, 3 ўлим) бўлиб қолмоқда.

© namangan24.uz

--> -->