Наманганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳомийлигида барпо этилган 50 та ҳовли-жой кам таъминланган, уй-жойга муҳтож оилалар ва ногиронлиги бор фуқароларга бепул топширилди.

Шу муносабат билан Наманган шаҳридаги Орзу даҳасида бўлиб ўтган тантанали маросимда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон манфаатларини таъминлаш, айниқса, аҳолининг ижтимоий заиф қатлами ҳимоясини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– 2018 йилда вилоятимизда 225 нафар ногиронлиги бор ва 77 нафар оғир шароитда яшаётган фуқарога Наманган шаҳрининг Юксалиш даҳасида, Тўрақўрғон тумани марказида қурилган арзон уй-жойлардан хонадонлар имтиёзли кредит асосида ёки қисман бепул берилди, – дейди Наманган вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова. – Бу халқимизга хос меҳр-мурувват, саховат сингари азалий қадриятлар бардавомлигининг ёрқин ифодаси демакдир.

Тадбирда Наманган шаҳри ва туманларда барпо этилган икки сотихли ва икки хонадан иборат 50 та замонавий ҳовли-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар эгаларига топширилди.

– Узоқ йиллардан буён бугунгидай хурсанд ва бахтиёр бўлмаган эдим, – дейди Наманган шаҳрида яшовчи Дилфуза Болтабоева. – Сабаби, турмуш ўртоғим вафот этгач, икки фарзандим билан тоғамнинг уйида яшар эдик. Ҳамманинг ўз ҳаёти, ўзига яраша муаммо ва ташвишлари бўлганидек, биз у кишига ортиқча юк бўлиб юрганимиздан қийналардим. Ахир, ўғлим 20, қизим 17 ёшга тўлди, уларнинг келажагини ҳам ўйлашим керак-ку. Ўзим республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят бўлимида хўжалик бекаси бўлиб ишлайман. Мана, бугун қаддимиздан қадримиз баланд бўлди – ўз уйимизга эга бўлдик. Биз каби кўнгли ўксикларга ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Эътироф этиш жоиз, янги уй билан биргаликда хонадон соҳибларига 50 бошдан товуқ (замонавий катак ва озуқаси билан), “Аrtel” русумли ошхона печи ҳам тортиқ қилинди.

Тадбир иштирокчилари янги уйларда яратилган шароит ва қулайликлар билан танишди. Тадбир санъаткорларнинг шўх куй-қўшиқлари оҳанги остида тўкин дастурхон атрофидаги уй тўйларига уланиб кетди.

Тантанали маросимда Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ирода Қўчқорова, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Шуҳратжон Мусаев иштирок этдилар.

Акрамжон Сатторов,

журналист.

Суратлар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан тақдим этилди.

© namangan24.uz

 

--> -->