Дин ишлари қўмитаси Рамазонда муҳим эслатма билан чиқди
Дин ишлари бўйича қўмита Рамазон ойи муносабати билан фуқаролар диққатига хабарнома эълон қилди:
Бугунги кунда мамлакатимизда миллий ўзлигимизни тиклаш, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва муқаддас динимизнинг инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган эзгу анъаналарини муносиб давом эттиришга борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ҳар йили анъанага айланган ва жорий йилда ҳам чиқарилган Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорлари бунга мисол бўла олади.
Мазкур қарорда муборак Рамазон ойининг аҳамияти, мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари ушбу муқаддас ойни доимо орзиқиб, катта хурсандчилик билан кутиб олишлари, оила ва маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёш авлодимизни билим-маърифат ва гўзал хулқ соҳиблари этиб камол топтириш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак ва ёрдам кўрсатиш каби эзгу амалларни сидқидилдан, ихлос билан адо этишга интилишлари таъкидланди.
Ўз навбатида, мазкур ойда фуқароларимизда диний амалларни бажаришга, ижтимоий тармоқлар орқали бир-бирларига Рамазон ойи табриги, мазкур ойда қилинадиган амаллар, рўзага оид турли фатволар ҳамда бошқа шу каби диний мазмундаги материалларни тарқатиш, шунингдек, интернет тармоғига юклаш ҳолатлари табиий равишда ортади.
Ўтган йиллар давомида олиб борилган мониторинг натижалари, фуқароларимиздаги бу иштиёқдан турли экстремистик, террористик ташкилотлар ҳамда ақидапараст шахслар доим ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб, аҳоли орасида ўзларига тегишли бўлган контентларни кенг тарқатишга ҳаракат қилишини кўрсатмоқда.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизаси ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси асосида уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши мумкинлиги қайд этилганлигинини ҳам унутмаслик лозим.
Мазкур ҳолатларни иноабатга олган ҳолда Дин ишлари бўйича қўмита фуқароларимиздан диншунослик экспертизасидан ижобий хулоса олинмаган ҳамда шубҳали диний мазмундаги аудио, видео ва бошқа турдаги медиа маҳсулотларни Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларидан юклаб олмаслик ва тарқатмасликни сўрайди!
© namangan24.uz