Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифини ҳар биримиз катта қизиқиш билан кузатиб бордик. Президентимизнинг Даштбоғ маҳалласига бориб, хонадонлардан бирида ўтказган мулоқотида “Мен кўпроқ оддий одамлар билан гаплашсам, сизларнинг кўзларингизга қарасам, ниятларингизни билсам дейман, деган самимий сўзини эшитган маҳалла аҳлининг кўзларидаги қувончни, эртанги кунга ишончни пайқамай иложи йўқ.

Нуронийлар маҳалла тизимига эътибор натижасини ўз ҳаётлари мисолида сўзлаб берди. Ижтимоий муаммолар ҳал бўлиб, турмуш шароитлари яхшиланаётганини айтиб ўтишди. Бироқ бошқа маҳаллалардаги аҳволни ҳам ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлган давлатимиз раҳбари белгиланмаган маршурут бўйича йўл бошлади. Вилоятимизнинг “оғриқли” нуқтаси – Наманган шаҳри чеккасидаги Бунёдкор маҳалласидаги муаммолар, халқ томонидан айтилган илтимослар вилоят ва шаҳар мутасаддиларини Президент олдида мулзам қилди. Давлатимиз раҳбарининг халқ олдида бундай очиқ, ошкора, самимий суҳбати одамлар руҳини кўтариб юборди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятимизни ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилиниб, мамлакатимиз раҳбари аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш биринчи муҳим вазифа эканлигини таъкидлади. “Маҳаллабай” тизимда тадбиркорликни ривожлантириш учун 850 миллиард сўм кредит ажратишга кўрсатма берилди. Қувонарлиси, вилоятимизда 2021-2022 йилларда умумий қиймати 23 триллион 700 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши қайд этилди. Ушбу 1 минг 728 та лойиҳа орқали 66 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилди.

“Наманганга 30 йиллик тарихда бунча маблағ келмаган. Агар шуни тўғри, самарали йўналтириб ишлатсак, вилоятнинг иқтисодиёти жадал ривожланади, ҳамма туманларга саноат кириб боради, одамлар ишли бўлади”. Президентимизнинг бу сўзлари ҳар бир наманганликка умид бағишлагани аниқ.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан сўнг, вилоятимизда жадал ўзгаришлар бошланиб кетди. Хусусан, кескин танқидга учраган Бунёдкор маҳалласига юзлаб ишчи-ходим ва ҳашарчилар жалб этилди. Шаҳарнинг чекка ҳудудида ерларни текислаш, электр тармоқлари тортиш, ободонлаштириш ишлари авжига чиқди. Узоқ йиллар давомида фойдаланишда бўлган чиқиндихона ёпиладиган, маҳалла фуқаролар йиғини идораси эса қайтадан қуриладиган бўлди. Энг асосийси, маҳалланинг кўп йиллик муаммоси -  тоза ичимлик суви келтирилади. 3 гектар жойда кичик саноат зонаси ташкил этиш, унда камида 10 та корхона очиш, 12 минг аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада 1 минг киши ишли бўлиши кўзда тутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга икки кунлик ташрифи ҳар бир наманганликнинг қалбига ўзгача руҳ, ишонч ва янгича ғайрат-шижоат берди. Бошланган саъй-ҳаракатлар, ишлаб чиқилган режалар – шаҳару қишлоқларимиз ободлиги ва халқимиз турмуш шаротини яхшиланишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг наманганликларга билдирган ишончини муносиб тарзда оқлаш учун ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишга интилмоғимиз керак.

Бекзод  Жўраев,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси

Наманган вилояти Кенгаши бўлим бошлиғи.
© namangan24.uz

--> -->