Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ички ишлар идораларини одамларнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, уларнинг фуқаролар, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик руҳида ишлашини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланди. Ҳар бир ички ишлар органлари ходими мазкур кодексга сўзсиз амал қилиши лозим.

Ходимлар ишга қабул қилинган кундан, эгаллаб турган лавозими ҳамда бажарадиган ишини хусусиятидан қатъий назар ушбу кодексга бирдай риоя этишга мажбурдир. Бундан ташқари, ушбу Президент қарори билан ИИБ маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти тўғрисидаги низом, ички ишлар органларида кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг йўл харитаси тасдиқланган. Фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, камтар ва босиқ бўлиш, ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий ахволи ва бошқа омиллардан қатъий назар, ҳеч бир шахс, гуруҳ, ёки ташкилот камситилиши ёки афзал кўрилишига йўл қўймаслик жуда муҳимлиги кўрсатиб ўтилган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тўлиқ холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши алоҳида қайд этилган. Чунончи, бу кўрсатма мамлакатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоя билан чамбарчас боғлиқ.

Дилшодбек Назаров,

Наманган шаҳар бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектори, майор.

Бекзод Эрмуродов,

Наманган шаҳар бўйича ИИОФМБ кадрлар билан таъминлаш гуруҳи инспектори, лейтинант.

 

--> -->