Наманган вилоятини Камчиқ довони билан боғловчи Поп туманининг Санг қишлоғи Пиллакаш маҳалласидаги “Лангар Азиз бува” қабристони қадимий зиёратгоҳ сифатида “Олтин мерос” жамғармаси рўйхатига киритилган. Бу ердаги иккита мақбарада VII асрнинг охири – VIII асрнинг бошларида яшаган ака-ука авлиёлар Хўжа Абдуллоҳ Ансорий ва Хўжа Ибодуллоҳ Алондорий қабрлари жойлашган.

Бугунгача зиёратгоҳни илмий, манавий ва археологик қиймати тўлиқ аниқланмаган. Қишлоқ фуқароси Ботиржон Нурматовнинг ота-боболари қабристонга қараб келишган. Бугун бу маъсулият унинг оиласи зиммасида, зиёратгоҳдан топилган қадим қўлёзмалар ҳам авлоддан авлодга ўтиб, шу оила коллекциясида сақланиб келинмоқда.

Шунингдек, бу ердан топилган иккита битикда ҳазрат Зангиота Нуруллоҳ, Султон Саидхўжа каби исмлар келтирилган. Шу нуқтаи назардан олганда, бу қўлёзмалар VII-VIII асрлардаги воқеалардан қимматли маълумотлар беради, деб хулоса қилиш мумкин. Ушбу ноёб топилмага қизиққанлар кўп бўлди, лекин бугунга қадар унда қандай сир-сироат яширингани, битикларда кимлар ва қайси даврлардаги воқеалар ривожи акс этганини тўлиқ ўрганувчи топилмади. Матога ёпиштирилган қоғозлардаги ёзувлар форс ва араб тилларида бўлиб жуда иқтидорли хаттот томонидан ёзилган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Қайд этиш керак, қишлоқдаги бу маскан ҳақида кайвони кексаларгина билишади. Санг қишлоғининг тарихий чуқур илдизларга бориб тақалиши, узоқ мозий даврга эга эканини инобатга олган ҳолда айтиш жоиз, манбаларни ўрганиб тадқиқот олиб бориш мақсадга мувофиқ.

Муҳриддин Содиржонов,

Поп тумани.

© namangan24.uz

--> -->