Наманганда божхона органлари томонидан сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тизимли изчил чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Янгиқўрғонда вилоят божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Поп тумани бўлими ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида фуқаро Х.А. бошқарувидаги “Нексия-3” русумли автомашина тўхтатилиб, божхона кўригидан ўтказилди. Натижада, автомашинада қўшни мамлакатдан юртимизга ноқонуний олиб кирилган, умумий қиймати 49 миллион сўмлик 20 турдаги 5268 дона дори воситалари ва тиббиёт буюмлари борлиги аниқланди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, ҳуқуқбузарнинг яшаш ҳовлиси ҳам кўздан кечирилди. Текширув жараёнида хонадонда ҳам сифати кафолатланмаган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган 19 миллион сўмлик 6 турдаги 3021 дона дори воситалари сақлаб келинаётганлиги аниқланди.

Тезкор тадбир якуни бўйича жами 68 миллион сўмлик 25 турдаги 8289 дона тиббиёт буюмлари ва дори-воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Айни вақтда юқоридаги ҳолатлар юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© namangan24.uz

--> -->