Халқимизда “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган, эзгу нақл бежиз айтилмаган. Айни коронавирус пандемияси вақтида вилоятимизда карантин тадбирлари учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш пайида юрган соғлиқни сақлаш тизимидаги нопок кимсанинг қилмишлари фош этилди. Наманган вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик маркази иқтисодчиси Ю.Ш. 40 миллион сўм пора билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармасининг “Namangan24.uz” сайтига хабар беришича, Чортоқ туманида жойлашган масъулияти чекланган жамиятларидан бирининг раҳбари 2020 йил 18 июнь куни ариза билан мурожаат қилиб, вилоят СЭОМ ходими Ю.Ш. исмли шахс 7000 дона ҳимоя кийимини сотиб олиш учун тузилган шартнома бўйича 6100 дона кийимни қабул қилиб олиб, 175 миллион сўмни жамият ҳисоб-рақамига ўтказиб бериш эвазига 15 миллион сўм, шартнома бўйича кам топширилган, омборга кирим қилинмаган 900 дона ҳимоя кийими ўрнига эса 25 миллион сўм, жами 40 миллион сўм пора талаб қилаётганлигини билдирган.

Жамият раҳбари аризасида келтириб ўтилган важларни текшириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ходимлари департамент вакиллари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди. Тадбир давомида Чортоқ тумани марказида жойлашган дорихона олдида шу ерлик Ё.А. кимёвий ишлов берилган 40 миллион сўмни олган вақтида ушланди.

У ўз кўрсатмасида қўшниси ушбу пулларни олиб қўйишни, кейинчалик ўзига беришини тайинлаганлигини билдирди. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, Наманган шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали дарвозаси олдида вилоят СЭОМ иқтисодчиси бўлиб ишловчи Ю.Ш. қўшниси Ё.А.дан 40 миллион сўмни олаётган вақтида ушланиб, ушбу пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© namangan24.uz

--> -->