Наманган вилояти тиббиёт соҳаси куни кеча оғир жудоликка учради. Шафқатсиз ўлим 2020 йил 19 август куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилояти филиалининг моҳир шифокори, кўплаб врачларнинг меҳрибон устози, камтар ва фидойи инсон Убайдулло Абдуллажонович Ҳожиматовни 68 ёшида орамиздан олиб кетди.

Убайдулло Ҳожиматов узоқ ва шарафли, мураккаб ва заҳмат ҳаёт йўлини босиб ўтди. У 1975 йили Андижон Давлат тиббиёт институтини тамомлаб, Наманган шаҳридаги тез тиббий ёрдам бўлимида жарроҳ-врач интерна бўлиб, иш бошлади. Кейинчалик у вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида врач-ординатор, бўлим мудири сифатида фаолиятини давом эттирди.

1979-1999 йилларда вилоят кўп тармоқли шифохонасида хирургия бўлимида шифокор, сўнг бош шифокор лавозимларида ишлаган. 2000 йили вилоят кўп тармоқли шифохонаси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига айлантирилди. Убайдулло Ҳожиматов янги ташкил этилган филиалда қурилиш-таъмирлаш ишларидан тортиб, уни замонавий тиббий жиҳозланишигача жонбозлик кўрсатди. Филиални 23 йил давомида бош шифокор сифатида бошқариб, тиббиёт соҳаси ривожига баракали ҳисса қўшди. Ўнлаб шогирдларни етиштирди.

Тиббиёт тизимидаги камтарона меҳнатлари учун Убайдулло Ҳожиматов 2002 ва 2007 йилларда II-даражали Чегара қўшинлари аълочиси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ҳамда “Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоалари марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Убайдулло Абдуллажоновичнинг хотираси яқинлари, ҳамкасблари ва шогирдлари қалбида мангу сақланади. Аллоҳ ётган жойларини жаннатда қилсин. Яқинларига сабру жамил ато этсин.

© namangan24.uz

--> -->