Наманган тиббиёт тизимида муҳим тайинловлар бўлди
Наманган вилояти тиббиёт тизимида бир қатор муҳим раҳбарлик кадр ўзгаришлари амалга оширилди. Бу ҳақида мухбиримизга вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2024 йил 21 майдаги буйруғига мувофиқ, Аслиддин Фазлиддинович Раҳмонов Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари в.б. этиб тайинланди.
Аслиддин Раҳмонов 2016 йилда Наманган муҳандислик педогогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги қурувчи-муҳандис. Меҳнат фаолияти давомида Наманган шаҳар 1-оила поликлиникаси ва Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали тиббий тез ёрдам бўлими фельдшери, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қурилиш ва таъмирлаш-экспулатация ишларини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи вазифаларида иш олиб борган.
Янги тайинловга қадар Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг инвестициялар ва рақамлаштириш бўйича ўринбосари в.б. сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
***
Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг 2024 йил 24 майдаги 54-к сонли буйруғига асосан, Дилором Шарифжоновна Маматхонова Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи лавозимига ўтказилди.
Дилором Маматхонова 1995 йилда Тошкент давлат стоматология институтини бакалавр босқичини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси стоматология поликлиникасида стоматолог, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси Саломатлик маркази бош шифокори, Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти Наманган филиали валеология бўлими мудири, Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими методисти вазифаларида ишлаган.
Янги тайинловга қадар Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббий ёрдамни ташкиллаштириш шўъбаси мутахассиси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
© namangan24.uz