Ўзбекистон - Россия ҳамкорлиги ижтимоий соҳаларда ҳам ижобий самаралар бермоқда. Бинобарин, икки давлат соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг биргаликдаги фаолияти  эътирофга лойиқдир.

Қайд этиш жоизки, Наманган ва Свердловск вилоятлари тиббиётчилари ўртасидаги муносабатлар тобора ривожланиб бормоқда. Бунинг натижасида ташкилланган халқаро видеоанжуман ҳам бу борада қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди.

Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази”га Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари акушер-гинекологлари жамланган бўлса, Екатеринбург шаҳридаги “Оилавий тиббиёт маркази” анжуманлар залига россиялик таниқли мутахассислар тўпланди.

“Оналар ва болалар касалланишини камайтиришга қаратилган акушерлик ва гинекология хизматида замонавий инновацион технологияларнинг ўрни” мавзуидаги анжуманни Наманган вилояти перинатал маркази раҳбари Ўзган Раҳмонов кириш сўзи билан очди. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова ўз чиқишида долзарб мавзудаги илк тадбирнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Россия томонидан видеоанжуманни Екатеринбургдаги “Оилавий тиббиёт маркази” акционерлик жамияти директори Диляра Медведская олиб борди. Мазкур муассасанинг бепуштликни репродуктив технологиялар ёрдамида даволаш тажрибалари ҳақида бўлим мудири  Димитрий Мазуров маъруза қилди. Свердловск вилояти перинатал маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Димитрий Осепчук ҳомиладорликда антибиотикотерапия юзасидан мулоҳазалари билан ўртоқлашган бўлса, вилоят болалар клиник шифохонаси неонатал бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Фарид Мухаметшин эса  чақалоқларга кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси хусусида фикр юритди. Слайдлар воситасида ўқилган маърузаларда соҳада татбиқ этилаётган янги технологиялар, тиббиётни янада юксалтириш борасида эришилаётган ютуқлар ва уларнинг ижобий натижалари изоҳлаб берилди.

- Ғоят фойдали анжуман ташкилланибди, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти врачлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш факультети акушерлик ва гинекология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Олтиной Яқуббоева. – Тиббиёт фани янгиликларидан бохабар бўлдик. Россиялик ҳамкасбларимизнинг аҳоли репродуктив саломатлигини янада  мустаҳкамлаш борасидаги изланишлари, жорий этилаётган инновацион технологиялар билан танишиб, билим ҳамда малакамизни оширдик.

Анжуман давомида акушерлик – гинекология бўйича  жорий этилаётган илғор тажрибалар, инновацион технологиялар ҳақида батафсил маълумот беришди.

                                                                                                             Абдулла Ғозиев,

журналист.

© namangan24.uz

--> -->