"ANAMED": Урология йўналишда хайрли ташаббуслар амалга оширилади
Мамлакатимизда “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!” эзгу тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиш борасида хусусий сектор вакиллари ҳам салмоқли ишлар, бир қатор хайрли ташаббусларни амалга оширмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, O’zLiDeP фаоли Носирбек Абддуллахонов таъсисчилигидаги “ANAMED” тиббиёт маркази томонидан Фарғона вилоятидаги “МedArt group” хусусий клиникаси билан ҳамкорликда 2024 йил 5-11 август кунлари водий вилоятларидаги соҳа мутахассислари учун халқаро даражадаги эксперт - россиялик таниқли эндуролог-шифокор Олег Бурлака ҳамда АҚШдан келган малакали профессор-мутахассислар иштирокида простата бези аденомаси мавзуида маҳорат дарслари ташкил этилади.
Таъкидлаш жоиз, ташриф доирасида аҳолига кафотланган сифатли тиббий хизмат кўрсатишга қаратилган бир қатор хайрли ишларга қўл урилади. Жумладан, “Мастер класс” машғулотлари давомида маҳаллий беморларга соғлиқ ва қувонч улашиш мақсадида тиббиётнинг энг илғор усуллари ва юқори технологиясига таянилган ҳолда замонавий жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Қолаверса, аҳоли учун катталар ва болалар урологияси, эндоурология йўналишлари бўйича чуқурлаштирилган бепул тиббий кўриклар бўлиб ўтади.
Мазкур ташрифдан кўзланган мақсадларга тўлақонли эришиш мақсадида сенатор Носирбек Абдуллахонов ва “МedArt group” клиникаси асосчиси, моҳир уролог, Россия, Хитой ва Европа мамлакатларида таҳсил олган ҳамда катта тажриба тўплаган Дониёр Йўлдошев Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида бўлиб, водийдаги давлат ва хусусий шифохоналари ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш бўйича шифокорлар билан мулоқотга киришдилар.
Учрашувда РШТЁИМ Наманган филиали директори Умиджон Муҳиддинов, филиалнинг юқори технологик шошилинч хирургия илмий лабораторияси раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Баркамол Исҳоқов бугун тиббиётга қаратилаётган ғамхўрлик, айниқса хусусий тиббиётни жадал ривожланаётгани, соҳага татбиқ этилаётган инновациялар ва даволашнинг замонавий усуллари яқин етти йилгача соҳа ходимлари учун катта орзу бўлгани, бу борада давлат ва хусусий тиббиётнинг интеграциялашуви муҳим аҳамият касб этганлигини таъкидлади.
Бунинг натижасида, ҳудудлараро тиббий муассасалар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, семинар-тренинглар ташкил этиш, техник ва технологик хизмат кўрсатишда ҳамкорлик қилиш, биргаликда ноёб технологик операцияларни ўтказишга келишиб олинди.
© namangan24.uz