Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан фидокорона меҳнати, жамият ривожига қўшаётган улкан ҳиссаси боис бир гуруҳ наманганлик юртдошларимиз қаторида Наманган шаҳридаги “Anamed” диагностика маркази директори Носирбек Абдуллахонов Президентимиз фармонига биноан “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Юртимиздаги барча таълим муассасаларида 4 сентябрь – Билимлар куни сифатида нишонланди. Шу куни вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари ўзлари таҳсил олган умумтаълим мактабларига бориб, “Мустақиллик дарслари”да иштирок этдилар. Носирбек Абдуллахонов ҳам қадрдон мактаби – Наманган шаҳридаги Маҳмуд Салоҳиддинов номидаги 4-умумтаълим мактабида бўлди.

Маълумот ўрнида, Маҳмуд Салоҳиддинов ўз вақтида математика фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги бўлиб, тадбиркор Носирбек Абдуллахоновнинг тоғаси эди. Мактаб номи шу даргоҳда ўқиган академик шарафига қўйилган бўлиб, математика фани бўйича чуқурлаштирилган тарзда билим берилади. Бу даргоҳдан жуда кўп математика фани билимдонлари етишиб чиққан.

Тантанали тадбирда сўз олган “Дўстлик” ордени соҳиби Носирбек Абдуллахонов бугун тиббиёт ва тадбиркорлик соҳасида қўлга киритаётган муваффақиятлари учун Президентимиз ва ҳукуматимизга, мактабда унга таълим берган Устозларига чин қалбдан миннатдорчилик билдирди.

- Синф раҳбаримиз бўлган Мағфиратхон Ҳошимова, Муҳаббатхон Мўминова, Заҳрохон Мамажонова, Шаҳнозахон Акбарова каби фан ўқитувчиларимиз берган сабоқларни бир умр унутмаймиз, — деди тадбиркор Носирбек Абдуллахонов. - Қалбимиздаги меҳримиз, ҳурмат-эҳтиромимиз ҳам асло сўнмайди. Энг улуғ ва энг машаққатли касб эгалари ўқитувчиларга қанча ҳурмат кўрсатсак, мадад берсак, шунча кам. Улар олдидаги қарзимизни уза олмаймиз.

Қувонарлиси шундаки, Носирбек Абдуллахонов “Билимлар куни” муносабати билан орден учун ҳукуматимиз томонидан берилган 7 миллион сўм пул мукофотини мактаб моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқувчилар учун янги бадиий китоблар ва ўқув қуролларини сотиб олиш учун хайрия сифатида тақдим қилди.

Санжарбек Ҳамидов,

“Namangantoday” сайти администратори.

© namangan24.uz

--> -->