Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 28 сентябрь куни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонини имзолади.

Мазкур ҳужжатга асосан, мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш борасидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир қатор Устоз муаллимлар фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар.

Қувонарлиси шундаки, давлат мукофотларига муносиб кўрилганлар орасида ўз соҳасида узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилган, ёш авдод таълим-тарбиясига улкан ҳисса қўшиб келаётган наманганлик фидойи ўқитувчи мураббийлар ҳам эътироф этилди.

Хусусан, юртимизда таълим соҳасини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ қилиш, чуқур билим ва касб-ҳунарга эга, мустақил фикрлайдиган, иқтидорли, соғлом авлодни вояга етказиш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун:

 

“Меҳнат шуҳрати” ордени билан

Дадамирзаева Инобат Муродиллаевна - Наманган шаҳридаги 77-умумий ўрта таълим мактабининг география фани ўқитувчиси.

 

“Дўстлик” ордени билан

Абдуллаева Маҳмуда Нишонбоевна - Наманган шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг инглиз тили фани ўқитувчиси.

Маҳкамов Маъруф Маҳмудович   - Чуст туманидаги “Баркамол авлод” болалар маркази тўгарак раҳбари.

 

“Шуҳрат” медали билан

Абдуллаева Одина Раҳимжоновна - Уйчи туманидаги “Жажжи профессор” нодавлат мактабгача таълим муассасаси мудири.

Аҳмадхўжаев Хамидхон Турсунович - Наманган муҳандислик-технология институтининг табиий толаларни дастлабки ишлаш технологияси кафедраси профессори, техника фанлари доктори.

Иномова Замирахон Телмоновна - Учқўрғон туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси.

Муллабоев Абдурасул Эргашевич - Уйчи туманидаги 13-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси.

Турғунова Мамлакат Ортиқбоевна - Наманган транспорт ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг махсус фан ўқитувчиси.

Ҳамроев Носиржон Камолович - Чортоқ туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Президент Фармони билан давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган наманганлик қалби меҳрга тўла заҳматкаш ва фидойи Устоз муаллимларимизни чин қалбдан муборакбод этади.

© namangan24.uz

--> -->