Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Наманган муҳандислик-технология институтига келиб, илм масканидаги жараёнлар билан яқиндан танишди. Бу ҳақида НамМТИ ахборот хизмати раҳбари Маъмуржон Эргашев хабар берди.


Институтнинг ахборот-ресурс маркази фондида бугунги кунда 10 мингдан зиёд бадиий ва илмий адабиётлар, 4 минг 600дан ортиқ электрон адабиётлар базаси мавжуд. Бу маърифат манбаларидан талабалар ва тадқиқотчилар фойдаланиб келишади.


Абдуқодир Тошқулов ўрганишлар давомида олийгоҳнинг зиё масканида бўлиб, талаба ёшлар ва мустақил тадқиқотчилар билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини тинглади. Биринчи босқич магистранти Равшанжон Юсуповнинг давлат идоралари, корхона ва ташкилотларга кадрлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш борасида билдирган таклифи бугунги кундаги керакли йўналиш эканлиги қайд этилди.



Талабалар турар-жойида ҳам етарли ва қулай шароитлар яратиш олий таълим тизимидаги долзарб вазифалардан саналади. Вазир 450га яқин талабага мўлжалланган мазкур масканда ҳам ўрганиш олиб олиб борди. Беш муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган махсус хоналар, тўгарак машғулотлари ҳолатидан қониқиш ҳосил қилди. 

Институтнинг илмий салоҳиятини кўтариш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам Абдуқодир Тошқуловнинг эътиборидан четда қолмади. Лабораториялар биносида давом этган учрашувда профессор-ўқитувчилар, мустақил тадқиқодчи ва доктарантларнинг илмий ишларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Мамлакатимиз текстиль соҳасининг етакчи ўринларида бораётган Наманганнинг енгил саноати ривожи, улкан ютуқларида институт жамоасининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги таъкидланиб, Устоз муаллимларга миннатдорлик изҳор қилинди. 

Ўрганишдан келиб чиққан ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Наманган муҳандислик-технология институти фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида вазирлик ҳисобидан 500 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилишини таъкидлади.

© namangan24.uz

--> -->