Наманган вилоятида 2018 йилнинг сентябрь ойида етакчи голланд фермерларидан бири Ян Лигтхарт ва Гулчиликни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида қўшма корхона ташкил этилганди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур лойиҳа учун 5 гектар ер ажратилди. Мазкур майдон шахсан Ян Лигтхарт томонидан жойлашув, намлик даражаси, йилнинг турли мавсумларида шамол йўналиши ва ҳаво ҳароратига қараб танланганди.

Наманган муҳандислик-технология институти ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Одилжон Маматкаримов бошчилигидаги делегация Нидерландия Қироллига ташрифи чоғида Ян Лигтхартнинг “Ligthart” фермер хўжалигида ҳам бўлди. Меҳмонлар таркибидан институт олимлари ва Гулчиликни ривожлантириш маркази вакиллари ҳам ўрин олишганди.

Маълумот ўрнида айтиш даркор, Голланд лолалари беқиёс сифати ва ажойиб гўзаллиги билан дунёда тан олинган. Ўтган асрларда ушбу гулни сотиб олишга ҳар кимнинг ҳам қурби етавермаган. Ўтган 400 йил ичида голландлар бу гулларни етиштиришда ақл бовар қилмас натижаларга эришишди. Пировардида айнан улар сайёрамиздаги асосий лола етказиб берувчиларга айландилар ва бу анъана ҳамон давом этяпти.

Голландияда гулчилик ҳар йили давлат бюджетига 25 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ келтиради. Дунёда сотилаётган лолаларнинг тўртдан уч қисми айнан ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Учрашувда улар лола етиштиришнинг барча босқичи, пиёзларни қадашдан тортиб, мамлакатда ташкил этиладиган аукционларда гулларни сотишгача бўлган жараён билан батафсил таништирилди.

Айниқса, Ўзбекистон делегацияси пиёзларни кейинчалик уларни далага экиш учун танлаш ва селекция қилиш, навлар, уларнинг ранглари ва янада замонавий, совуққа чидамли, узун бўйли лолаларни катта қизиқиш билан ўрганишди. Наманганлик фермерлар лолаларни парвариш қилиш техникаси, жумладан, экувчи ҳамда йиғувчи қурилмалар, гуллаган лоланинг савдо учун узоқ вақт сақланишини таъминлаш технологияларидан ҳам бохабар бўлдилар.

Ян Лигтхартнинг айтишича, мавжуд технологиялардан фойдаланган ҳолда, голланд лолаларини сархил ва хушбўйлигича 3 ҳафтагача сақлаш мумкин. Бу эса уларни узоқ масофаларга ҳатто автотранспорт воситаларида ҳам етказиш имконини беради.

Меҳмонлар гулларни етиштиришда қўлланиладиган агротехникалар ихтисослаштирилган кўргазмасига ташриф буюришди. Голландиядаги қатор таълим муассасалари, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг йирик Вагенинген ва Гронинген университетлари мутасаддилари билан музокаралар ўтказишди. Бунинг натижасида шу йилнинг ўзида Наманганда голланд лолалари пиёзлари ва гулларини етиштириш лойиҳасини бошлаб юборишга келишиб олинди.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->