Тўйга таклифнома келди, борасизми?!
Ижтимоий тармоқларда сайлов ҳақида турли баҳс-мунозараларга кўзимиз тушяпти. Айни кунларда қаерга кирманг, 24 октябрь, якшанба куни бўладиган Ўзбекистон Президентлигига сайлов мавзуси авжида. Мазкур ҳолат, албатта, яхши. Фуқароларнинг сиёсий хабардорлиги, шахсий позицияси анча ўсган. Лекин «Сайловга чиқмаймиз! Бизга нима қилиб берарди?» деган иддаолар ҳам қулоққа чалиниб қоляпти. Бу ҳам етмагандай, баъзилар ўзининг тор фикрини ўзгаларга ҳам юқтиряпти, онгини бузяпти, чалғитяпти.
Ошхона, сартарошхона, чевархона, савдо дўконлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, жамоат транспорти, одамлар гавжум жойларда сиёсий жараёнлар қизғин муҳокамада. Янги сайловнинг аввалгиларидан фарқи солиштирилмоқда. Шунинг учун 5 та сиёсий партиядан кўрсатилган номзодларни батафсил ўрганинг, ўйлаб қарор чиқаринг. Муносиби учун ўз хоҳиш-иродангиз, танловингизни амалга оширинг!
Мана, ниҳоят, кутилган сана ҳам остонада турибди. 2 кундан кейин келажагимиз учун ҳар биримиз ўз овозимизни берамиз. Ҳаммамизнинг хонадонларимизга сайлов таклифномаси кириб борган бўлса керак. Ҳа, инсон учун сайлаш ва сайланиш улкан бахт ҳамда Конституциявий ҳуқуқдир! Дунёда бу ҳуқуқдан мосуволар қанча. Шундай экан, шукроналик ва фаол фуқаролик, дахлдорлик ҳисси билан овоз беришга шай турайлик! Ҳатто овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслар бор. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган; оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар қаторида эмаслигингиз ва уйингизга сайловга чақирув қоғози етказилгани учун хурсанд бўлишингиз даркор.
Хуллас, республикамиз миқёсидаги муҳим сайловга беписанд ва бефарқ бўлмайлик. Чет эллик меҳмонлар, халқаро кузатувчилар бизнинг сиёсий маданиятимиздан, иштирокимиздан ибрат олишсин. Унутманг, сизнинг овозингиз, бюллетенга қолдирган белгингиз кўп нарсани ҳал этади ва алоҳида аҳамиятга эга. Ривожланишга юз тутган мамлакатнинг қадрли фуқароси экансиз, муносабатингизни ҳам чиройли билдириш вақти келди. Зеро, бу мамлакат ҳаётидаги энг долзарб сиёсий кампаниядир. Ҳа, сайлов куни халқимизга хос бўлган буюк қадриятларимиз – бирдамлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик сингари юксак фазилатларимизни яна бир бор намоён қилиб, бу муҳим сиёсий жараённи уюшқоқлик билан ўтказайлик!
Энди, келинг, бир мулоҳаза юритайлик. Дейлик, яшаш ҳудудингизда ҳурмат қилиб сизни тўйга таклиф этиш учун хат ташлаб кетишди, нима қиласиз, борасиз-да, тўғрими? Ахир халқимизда «Чақирилган жойдан қолма!» деган гапи эсингиздан чиқмайди. Демак, 24 октябрь, якшанба - дам олиш куни эрталаб соат 8.00 дан - 20.00 гача ўзингизга қулай вақтда сайлов участкасига боришингиз учун давлатимиз байрамона тараддуд кўрмоқда.
Шу куни Ўзбекистоннинг катта сиёсий тадбири - элга келган тўй эканлигини ёдда тутинг! Қани, марҳамат, сиз учун махсус ёзилган сайлов таклифномасини ва паспортингизни рўпарангизга ҳозирлаб қўйинг. Дарвоқе, ҳар ким ўзи овоз беради, жонажон юртимизнинг йирик расмий тўйида шахсан қатнашишга, оила аъзоларингиз иштирокини таъминлашга тайёрланинг!
Орифжон Жўраев,
Наманган тумани.
© namangan24.uz