Юртимизда 6 майдан Муқаддас Рамазон ойи кириб келди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Рамазон ойини муносиб ўтказиш ҳақидаги қарори, улуғ ой ҳақида билдирган фикрлари барчамизга хурсандчилик бағишлади.

 

Мамлакатимиз жомеъ-масжидларида таровеҳ намозлари эмин-эркин адо этилиб, Қуръони каримни хатмона қилинмоқда. Бунинг учун давлатимиз томонидан етарли шарт-шароитлар яратилиб, етарли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

 

Таассуфки, бундай ғамхўрлик ва имкониятларни тушунмайдиган айрим шахслар жоме-масжидларда хавфсизлигимиз учун масъул бўлган ички ишлар ходимларига нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали турли хил ўринсиз фикрларни ёзишмоқда.

 

Бу дунёда инсон учун тинчлик ва саломатликдан азизроқ неъмат йўқдир. Шу боисдан ҳам Президентимиз бошчилигида юртимиз тинчлиги, одамлар осуда ҳаёти ҳамда саломатлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

 

Масжидларимизда ички ишлар, маҳалла фуқаролар йиғини, ёшлар иттифоқи вакилларидан иборат масъулларни бириктирилишдан кўзланган асосий мақсад ибодат қилувчиларнинг тинчлиги ва хавфсизилигини таъминлашдир.

 

Янги Зеландия ва Шри-Ланка давлатларида ибодат жойларида юз берган мудҳиш ҳунрезликларни ёдга олайлик: разил ниятли кимсаларнинг жирканч ишлари оқибатида масжидларда қанчадан-қанча инсонлар қони тўкилди. Юзлаб одамлар бир лаҳзада ҳаёт билан эрта видолашдилар. Бунга  ўз вақтида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича чоралар кўрилмагани сабаб бўлди.

 

Фейсбук ва телеграм мессенжерларида масала моҳиятини яхши англамасдан фикр билдираётган кишилар чуқур мулоҳаза қилсалар бўларди: масжидингизда сиз ва сиз каби қоракўзларнинг хавфсизлигини ўйлаб, навбатчилик қилаётган ички ишлар идораси ходими ҳамма қатори, сизу бизга ўхшаган оддий одам. У ҳам биз каби дам олиши, яқинлари даврасида бўлишига ҳаққи бор. У кимнингдир фарзанди, отаси, акаси ёки укаси, яъни яқинлари учун қадрли инсон. Лекин биз ички ишлар ходимининг жонажон она Ватанимиз тинчлиги, унинг бахтиёр одамлари хафвсизлигини ўйлаб, шу ишга киришганлигини қачон тушуниб етамиз?

 

Муқаддас Ҳаж зиёратини адо этиб қайтган ҳамкасбимиз айтиб бердилар: Саудия Арабистонида ҳам масжидларда хафсизлик учун миршаблар масъул этиб қўйилган. Улар ҳамма ибодат қилаётган пайтда одамлар хафсизлиги учун тик турган ҳолда хизматда бўлишади. Шундай экан, биз бу жараёнга табиий қарашимиз, масжидларда тинчлигимизга жонсараклик қилаётганларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлмоғимиз керак!

 

Зеро, Президентимиз қарорида айтиб ўтилганидек, Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, бир-биримизга яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашимиз лозимдир.

Оқилхон Дадабоев.

© namangan24.uz

--> -->