Теледебатлар таъсиридами ва ижтимоий тармоқлардаги кескин баҳс-мунозаралар сабабми, сайлов ҳақида турли гап-сўзлар қайнаяпти.

Айни кунларда қаерга кирманг, сайлов мавзуси. Мазкур ҳолат албатта, яхши. Фуқароларнинг сиёсий хабардорлиги, шахсий позицияси анча ўсган. Лекин “Сайловга чиқмаймиз! Бизга депутатлар нима қилиб берарди?” деган иддаолар ҳам қулоққа чалиниб қоляпти.

Фақат Наманганда эмас, бошқа вилоятларда ҳам кузатилмоқда. Бу ҳам етмагандай, баъзилар ўзининг тор фикрини ўзгаларга ҳам юқтиряпти, онгини бузяпти.

Ошхона, сартарошхона, чевархона, савдо дўконлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, жамоат транспорти, одамлар гавжум жойларда сиёсий жараёнлар қизғин муҳокамада.

Балки аввалги сайловлардан муваффақиятли ўтган депутатлар фаолиятидан қониқмагандирмиз. Бироқ сайланадиган янги ноиблар хотиржам юришолмайди ва бунга сайловчиларнинг ўзи ҳам йўл қўймайди.

Энди депутатлар виждонан, масъулият билан ишлашга мажбур, халқ қатъий талаб қилади. Шунинг учун бешта сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларни яхшилаб ўрганинг, ўйлаб қарор чиқаринг.

Мана, ниҳоят, кутилган сана ҳам остонада турибди, 2 кундан кейин келажагимиз учун ҳар биримиз ўз овозимизни берамиз. Ҳаммамизнинг хонадонларимизга сайлов таклифномаси кириб борган бўлса керак.

Ҳа, инсон учун сайлаш ва сайланиш улкан бахт ҳамда Конституциявий ҳуқуқдир! Дунёда бу ҳуқуқдан мосуволар қанча. Шундай экан, шукроналик ва фаол фуқаролик ҳисси билан ОВОЗ БЕРИШГА шай турайлик!

Хуллас, республикамиз миқёсидаги сайловларга беписанд ва бефарқ бўлмайлик. Чет эллик меҳмонлар бизнинг сиёсий маданиятимиздан, иштирокимиздан ибрат олишсин.

Унутманг, сизнинг овозингиз, бюллетенга қолдирган белгингиз кўп нарсани ҳал этади. Ривожланишга юз тутган юртнинг қадрли фуқароси экансиз, муносабатингизни ҳам чиройли билдириш вақти келди. Зеро, бу мамлакат ҳаётидаги муҳим сиёсий кампаниядир.

Келинг, бир мулоҳаза юритайлик. Дейлик, қишлоқда ҳурмат қилиб сизни тўйга таклиф этиш учун хат ташлаб кетишди, нима қиласиз, албатта борасиз-да, тўғрими?

Ахир халқимизда “Чақирилган жойдан қолма!” деган гап бор. Демак, 22 декабрь, якшанба – дам олиш куни эрталаб соат 8:00 дан 20;00 гача ўзингизга қулай вақтда сайлов участкасига боришингиз учун давлатимиз байрамона тараддуд кўрмоқда.

Шу куни Ўзбекистоннинг катта сиёсий тадбири, элга келган тўй эканлигини ёдда тутинг!

Қани, марҳамат, сиз учун махсус ёзилган сайлов таклифномасини ва паспортингизни рўпарангизга ҳозирлаб қўйинг! Барчамиз якшанба куни овоз бергани борайлик!

Орифжон ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш демократик партияси фаоли, журналист.

© namangan24.uz

--> -->