Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан туман, шаҳар адлия бўлимлари ташкил этилганлигининг бир йиллиги муносабати билан “Open Justice” – “Очиқ адлия” тадбири ўтказилди.

 

Унда давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, адлия бошқармаси, давлат хизматлари агентлиги, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тизими раҳбарияти, масъул ходимлари, ҳуқуқий йўналишдаги таълим муассасалари, соҳа фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

 

Тадбир доирасида ўтказилган брифингда адлия идоралари томонидан ўтган бир мобайнида амалга оширилган ишлар бўйича жамоатчиликка батафсил маълумот берилди.

 

Брифинг аввалида вилоят адлия бошқармаси ва вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ўртасида “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш, янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини, шунингдек адлия органлари томонидан амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик” тўғрисида меморандум имзоланди.

 

 

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Хайрулло Собиров, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси вазифасини бажарувчи Раҳимжон Ирисов, адлия бошқармаси ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими бошлиғи Отабек Рахимов, Поп тумани адлия бўлими бошлиғи Азамат Жўраев, Наманган юридик коллежи ўқитувчиси Малоҳат Умрзоқова, “Глобал шараф ҳимоя” адвакатлик бюроси раҳбари Фахриддин Шарипов, адлия фахрийси, Президентнинг Косонсой туманидаги халқ қабулхонаси мудири Тоҳира Муйдиновалар тизимдаги фаолият бўйича маълумот ва фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.

 

 

Қайд этиш жоиз, Президентимиз томонидан 2018 йил 13 апрель куни қабул қилинган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳа фаолиятида туб бурилиш ясади. Хусусан, республика Адлия вазирлигининг туман (шаҳар) маъмурий-ҳудудий бирликларида адлия бўлимлари ташкил этилди.

 

Ўтган бир йил мобайнида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.

Чунончи, ўтган вақт оралиғида жисмоний ва юридик шахсларнинг 2 мингдан зиёд мурожаати келиб тушди ва шундан 1 минг 600дан зиёди қаноатлантиришга эришилди. Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида 30га яқин шахс интозимий, 20га яқин киши маъмурий жавобгарликка тортилди. 40га яқин маъмурий ҳужжатлар бекор қилинди. Шунингдек, 800га яқин идораларда ўтказилган ўрганишлар натижаси бўйича 200 мингдан зиёд хато ва камчиликлар аниқланди. Бундан ташқари, 200га яқин ҳужжатлар ноқонуний деб топилиб, бекор қилинди. 2 миллиард сўмга яқин маблағлар фуқароларга қайтирилиб, тўлаб берилишига эришилди. Қолаверса, фуқароларнинг ҳуқуқларини кўзлаб, судларга киритилган 600га яқин даъво аризалари натижасида 500дан зиёди қаноатлантирилди ҳамда 3 миллиард сўмга яқин маблағ ундирилди.

 

Адлия бўлимлари масъул ходимлари жойларда ташкил этган сайёр қабуллар давомида 1 минг 300 дан ортиқ мурожаатни кўриб чиқиб, улардан 900дан зиёдига ижобий ечим топди.

 

Очиқ адлия куни тадбирлари доирасида шаҳар ва туман адлия бўлимлари, давлат нотариал идоралари, Адвокатлар палатаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ташкил этилган ҳуқуқий маслаҳат бурчакларида юзга яқин фуқарога турли мавзуларда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, иштирокчиларга қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти акс этган турли мавзудаги 200 дан зиёд буклет ва бошқа кўргазмали тарғибот воситалари тарқатилди.

 

Бундан ташқари 26-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари таклиф этилиб, бошқарма ва унинг бўлимлари фаолияти, мурожаатларни эшитиш учун яратилган шарт-шароитлар, қулайликлар билан билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, Наманган давлат университетнинг “Ёш ҳуқуқ тарғиботчилари” клуби аъзолари учун қонунчиликдаги сўнги янгиликлар бўйича конференция ўтказилди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Ҳамдам Мамадалиев олган суратлар.

--> -->