Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқимиз фаровонлиги йўлида ижтимоий, иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, бунёдкорлик ишлари, ислоҳотлар жараёни билан танишиш мақсадида 2020 йил 26 июнь куни Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 февраль - 1 мартдаги вилоятга ташрифи чоғида вилоятнинг иқтисодий ва ижтимоий ресурс ва имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали иқтисодиётни юксалтириш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича бир қатор истиқболли вазифалар белгилаб берилган эди. Ўтган давр мобайнида шу асосда ишлаб чиқилган дастур ва режалар ижроси доирасида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида муайян натижаларга эришилди.

Вилоят иқтисодиётида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 107 фоизга ўсишига эришилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 108,6 фоизни ташкил қилди. 2019 йилга белгиланган 170,9 миллион доллар қийматига тенг экспорт амалиёти 100 фоиз бажарилди. Жорий йилда эса 450 миллион доллар экспорт қилиш режалаштирилган бўлиб йилнинг дастлабки тўрт ойида 106 миллион доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.

2019 йилда 5,4 триллион сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, 831 та лойиҳа ишга туширилди ва 11 минг 540 та иш ўрни яратилган бўлса, 2020 йилда умумий қиймати 7,2 триллион сўмлик 1 минг 170 та лойиҳа амалга оширилиши ва 20 минг 800 та иш ўрни очиш режалаштирилган. Шунга мувофиқ биринчи чоракда 192,5 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 82 та лойиҳа ишга туширилди ва 892 иш ўрни яратилди.

Шунингдек, ўтган йилнинг ўзида 155 та ҳудудий лойиҳалар доирасида жами 277,1 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилишига эришилди. Бу борада жорий йил дастурида умумий қиймати 326,4 доллар (жумладан 234,6 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция) га тенг бўлган 48 та лойиҳа амалга ошириш кўзда тутилган ва йилнинг дастлабки чорагида 76,8 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, белгиланган прогноз 121.0 фоизга бажарилди.

Бандлик дастури асосида 2019 йилда 27 минг, бу йилнинг ўтган даврида эса 10 мингдан зиёд доимий иш ўринлари яратилди. Жумладан, «Наманган» эркин иқтисодий зонасида «Чуст текстиль» ва “Ifoda Agro Kimyo Himoya” корхоналарида қиймати 21,5 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йилига 63,6 миллион долларлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши натижасида 1 минг 300 нафардан зиёд киши иш билан таъминланди. Шунингдек, вилоятдаги мавжуд 11 та кичик саноат зонасида ишга туширилган умумий қиймати 413,6 миллиард сўмлик 77 та лойиҳада беш мингга яқин иш ўрни яратилди. Бу эзгу ишларнинг узвий давомида жорий йилда ҳам кичик саноат зоналарида тадбиркорлар ташаббуси билан 273,5 миллиард сўмлик 206 та лойиҳани рўёбга чиқариш борасида иш олиб борилмоқда. Етти мингга яқин кишини иш билан таъминлаш имкониятини берадиган мазкур лойиҳалар асосида йилнинг биринчи чорагида 20,7 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа ишга туширилиб, 130 дан зиёд иш ўрни яратилди.

Вилоятда аҳолининг ҳаёт фаровонлиги, турмуш маданиятини оширишга қаратилган бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилди. Жумладан, 2019 йилда вилоятнинг шаҳар ва туманларида, қишлоқ жойларда жами 1 минг 588 хонадонли арзон уйлар қуриб фойдаланишга топширилди. Инвестиция дастури асосида 110 та объектда умумий қиймати 324,4 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига асосан 36 та маҳаллада 363 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. 6 та янги мактаб қурилиб фойдаланишга топширилди. Реконструкция ва янги тармоқлар тортиш ишлари натижасида ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 78,7 фоиздан 82,2 фоизга ортди. 108,8 километр ички ва ташқи йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 7,64 километр узунликдаги газ, 129,9 километр узунликдаги электр тармоқлари тортилди.

Катта Фарғона каналида барпо этилган кичик ГEСлар каскади ишга туширилди. Умумий қуввати 12 МВт га тенг, йилига 72,89 миллион кВт.соат электр токи ишлаб чиқариш қувватига мазкур гидроиншоот 48 минг хонадонни узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр энергияси билан таъминлаш имконини берди.

Шунингдек, вилоятда таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги каби барча ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижроси таъминланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи мобайнида жойларда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш кўзда тутилган.

Акрамжон Сатторов, ЎзА.

© namangan24.uz

--> -->